Тошкент халқаро кимё олимпиадаси меҳмонларда қандай таассурот қолдирмоқда?
Пойтахтимизда дунёдаги энг нуфузли интеллектуал мусобақалардан бири – 58-халқаро кимё олимпиадаси (IChO-2026) давом этяпти. Марказий Осиё тарихида илк бор Ўзбекистон мезбонлик қилаётган мазкур йирик анжуман юртимизнинг илм-фан ва таълим соҳасидаги халқаро нуфузи тобора юксалаётганини яна бир бор намоён этди. ЎзА мухбири тадбирнинг аҳамияти, ўзига хос жиҳати, ташкилотчилик ишлари ҳамда иштирокчилар таассуроти ҳақида бир неча хорижлик иштирокчи билан суҳбатлашди.
– Халқаро кимё олимпиадасини бошқа илмий мусобақалардан ажратиб турадиган жиҳат нимада?
Сюзанне Моссин, Дания жамоаси мураббийи:
– Бу олимпиаданинг энг муҳим хусусияти назарий билим билан амалий тажрибани бир вақтнинг ўзида баҳолаш имкониятидир. Яъни, иштирокчи мураккаб масалаларни ечиш билан бирга лабораторияда самарали ишлай олишини ҳам намоён этиши керак.
Ғалаба қозониш учун фақат чуқур билимнинг ўзи етарли эмас. Тез, аниқ ва илмий фикрлаш кўникмаси, кенг қамровли тайёргарлик ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
– Ташкилий жараёндан кўнглингиз тўляптими?
Жи Жэн, Хитой жамоаси мураббийи:
– Ўзбекистонга биринчи келишим. Тошкент жуда чиройли шаҳар экан. Об-ҳаво иссиқ бўлишига қарамай, одамларнинг самимийлиги, меҳмондўстлиги кишида жуда яхши таассурот қолдиради.
Ташкилотчилар саволларни жуда қизиқарли, юқори даражада масъулият билан тайёрлаган. Тўғри, мусобақада ҳамма ғалабага интилади. Бинобарин, энг муҳими турли давлатлардан келган ёшлар ўзаро мулоқотга киришиб, дўст орттириши, тажриба алмашиши. Шу нуқтаи назардан Тошкент Олимпиадаси бизда жуда илиқ таассурот қолдирди.
Аюр Манохар, Жанубий Африка Республикаси жамоаси аъзоси:
– Мен ҳам Ўзбекистонда ҳеч бўлмагандим. Қолаверса, халқаро кимё олимпиадасида ҳам илк бор иштирок этяпман. Ўзбеклар жуда меҳмондўстлигини кўп эшитгандим, энди ўзим гувоҳман.
Франциско Пас, иштирокчи (Уругвай):
– Ўзбекистон гўзал мамлакат экан. Турли ҳудудларга сафар қиламиз, ҳар бир юрт ўзига хос. Қисқаси, Тошкентга келганимдан жуда мамнунман.
– Олимпиада иштирокчиси учун энг жиддий синов нима?
Жи Жэн:
– Энг қийин палла ўқувчилар мураккаб масала ёки тажрибага дуч келганда мустақил ечим топиш. Айнан шу жараён ҳақиқий салоҳиятни намоён этади. Айрим вазифани беш соатда тўлиқ бажариш қийин кечиши мумкин. Энг муҳими – таслим бўлмаслик.
Аюр Манохар:
– Мен учун амалий босқич қийин бўлди. Вақтни тўғри тақсимлай олмадим. Назарий саволлар ҳам осон эмас экан. Яхши тажриба орттирдим.
– Халқаро олимпиада ёшлар учун қандай аҳамиятга эга?
Жи Жэн:
– Мусобақада қатнашишдан мақсад фақат медал олиш эмас. Зеро, Олимпиада ёшларни мураккаб муаммоларни ҳал қилиш, бир-биридан ўрганиш ва халқаро ҳамкорлик муҳитини шакллантиришга хизмат қилади. Барча иштирокчиларга қизиқишни йўқотмаслик, илмга меҳр билан ёндашиш ва ҳамкорликка интилишни тавсия қилган бўлардим.
Франциско Пас:
– Мен бу тадбирга тайёргарликни бир неча ой олдин бошлаганман. Ғалаба муҳим, албатта. Орттириладиган билим, тажриба эса янада қимматли.
[gallery-30429]
Моҳинур Маннонова,
Аризона университети Журналистика факультети 4-босқич талабаси
Аслиддин Алижонов (сурат),
ЎзА