Тошкент халқаро инвестиция форуми: тараққиёт ва ҳамкорликнинг янги босқичи
Қадимдан ота-боболаримиз борди-келди ва олди-сотди билан бир-бирини билган, юрт таниган, ҳамкорлик ва дўстлик ришталарини боғлаган. Асрлар оша бу тартиб-таомиллар ривожланди, ўсди. Бугунги глобал даврга келиб тижоратнинг шакли-шамойили тараққиёт билан тенг одимлаб бормоқда. Бунинг яққол мисолини пойтахтимизда бўлиб ўтаётган бешинчи халқаро инвестиция форумида кўриш мумкин.
Ушбу анжуманнинг нуфузига, меҳмонлар сонига эътибор берсангиз унинг кўлами ва даражаси жуда улкан эканини яна бир бор ҳис қиласиз. Жами иштирокчилар сони 8 мингдан кўп. Жумладан, хорижлик меҳмонлар уч мингдан ортиқни ташкил қилмоқда.
Шу ўринда “мамлакатимизда халқаро инвестиция форумини ўтказишдан асосий мақсад нима?”, деган савол туғилиши табиий. Технологиялар асри ҳисобланмиш 21 асрда янгиланиш, тараққиёт шунчалик тез содир бўлиши рақобат бозорини ҳам чангини чиқариб юбордики, секин ҳаракат қилган борки унинг чангида қолмоқда.
Сўнгги ўн йилликда Ўзбекистон ўта мураккаб рақобат бозорида ўз йўлини топиб, уни кенгайтириш, манфаатли шериклик майдонида тенглик қадами билан одимламоқда. Бешинчи бор ўтаётган йирик анжуман ана шу ўта тиришқоқлик билан қилинаётган ишларнинг натижаси ўлароқ баҳоланиши лозим.
Таъкидлаш керакки, ушбу конференцияда давлат раҳбарлари, бош вазирлар, молия вазирлари, хорижлик сармоядорлар, хусусий бизнес вакиллари беш йилдан бери доимий иштирокчиларга айланмоқда. Шунинг натижаси ўлароқ, ўлкамизнинг барча ҳудудларида беш йил ичида амалга оширилаётган улкан лойиҳалар натижаларини кундалик ҳаётимизда кўриб турибмиз.
Шу маънода, Тошкент халқаро инвестиция форуми нафақат иқтисодий тадбир, балки мамлакатнинг очиқлиги, ишончли ҳамкор сифатидаги нуфузини намоён этадиган муҳим майдон ҳамдир. Йиғинда имзоланадиган муҳим келишувлар, ўтказилаётган учрашувлар ва музокаралар келгуси йилларда янги иш ўринлари, замонавий корхоналар ва илғор технологиялар шаклида ўз самарасини бериши шубҳасиз.
Айниқса, бугунги кунда инвесторлар учун фақат табиий ресурслар ёки географик жойлашув эмас, балки қонун устуворлиги, қулай бизнес муҳити, инфратузилма ва малакали кадрлар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон ана шу йўналишларда изчил ислоҳотларни амалга ошираётгани халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Форум доирасида билдирилаётган қизиқиш ва таклифлар ҳам бунинг яққол тасдиғидир.
Энг муҳими, ҳар бир инвестиция лойиҳаси ортида халқлар манфаати, аҳоли фаровонлиги ва ҳудудларнинг ривожланиши каби эзгу мақсадлар мужассам. Айниқса, дунё иқтисодиётида кечаётган мураккаб жараёнлар шароитида мамлакатлар ўртасидаги ишонч ва манфаатли ҳамкорлик ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Умуман олганда, мазкур нуфузли анжуман республикамиз иқтисодий салоҳиятини дунёга кенгроқ танитиш, янги шериклар топиш ва ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда, дейиш мумкин. Унинг натижалари эса фақат рақамлар ва шартномаларда эмас, балки халқимиз ҳаётида, янги имкониятлар, замонавий иш ўринлари ва юртимиз тараққиётида ўз аксини топиши шубҳасиз. Зеро, инвестиция – бу келажакка киритилган сармоя, келажак эса бугунги ҳаракатларимиз самарасидир.
Абдуғафур Маматов, ЎзА