Тошкент халқаро аэропортида қутқарув хизматларининг шайлиги синовдан ўтказилди
Тошкент халқаро аэропортида авиаҳодиса содир бўлганда йўловчилар ва экипаж аъзоларини қидириш ҳамда қутқариш бўйича комплекс машғулотлар ўтказилди.
Машғулот сценарийсига кўра, Истанбул – Тошкент йўналишида 150 нафар йўловчи ва 7 нафар экипаж аъзоси билан парвоз қилаётган Airbus A320 самолёти билан аэропортнинг жавобгарлик ҳудудига киргач, алоқа узилади. Бундан ташқари, бортда хавфли юк борлиги сабабли қутқарув хизматларидан қўшимча хавфсизлик чораларини кўриш талаб этилади. Парвозлар раҳбари томонидан "3-сон тайёргарлик" сигнали эълон қилинади ва тегишли хизматлар қидирув-қутқарув ишларини бошлайди.

Машғулотлар аэропортнинг назорат нуқтасидан 50 километр радиусдаги ҳудудда ўтказилди. Унда аэропортнинг қидирув-қутқарув бўлинмалари, Мудофаа вазирлигининг қидирув-қутқарув вертолёти ҳамда десант гуруҳи, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар вазирликлари, Миллий гвардия ҳамда соғлиқни сақлаш тизими бўлинмалари, шунингдек, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва "Ўзавиация" агентлиги вакиллари иштирок этди. Машғулотларга 250 нафардан ортиқ мутахассис, 40 та махсус ва ёрдамчи техника, шунингдек, Yak-40 ўқув самолёти жалб қилинди.
Аэропорт ҳудудида мунтазам ўтказиладиган машғулотлардан ташқари, “Uzbekistan Airports” аэропортлар ташқарисида ҳам бундай комплекс ўқув-амалий тадбирларни ташкил этмоқда. Асосий мақсад — авиаҳодиса содир бўлганда махсус хизматларнинг тезкор ҳаракат қилишга тайёрлигини синовдан ўтказиш, вазирлик ва идоралар ўртасидаги ҳамкорликни амалий жиҳатдан такомиллаштириш, шунингдек, ходимларнинг авиаҳалокат ва фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бўйича тайёргарлигини янада оширишдан иборат.
Машғулот якунлари бўйича жалб этилган барча бўлинмаларнинг ҳаракатлари ижобий баҳоланди. Белгиланган вазифалар тезкор ва профессионал тарзда бажарилди. Якунда иштирокчиларнинг ҳаракатлари таҳлил қилиниб, идоралараро ҳамкорликни янада такомиллаштириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Бундай комплекс машғулотлар ҳар йили Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортларида ўтказилади. Улар аэропорт инфратузилмаси ва фавқулодда хизматларнинг авиаҳодисаларга тайёргарлигини мунтазам синовдан ўтказиш ҳамда идоралараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА