Тошкент вилоятининг маҳаллий бюджети белгиланди
Нурафшон шаҳрида ўтказилган Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги йигирма олтинчи сессиясида кўплаб муҳим масалалар кўриб чиқилди. Унда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Хусусан, 2026 йил учун Тошкент вилоятининг маҳаллий бюджетини тасдиқлаш масаласи муҳокама қилиниб, мазкур масала юзасидан вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари томонидан ҳисобот берилди.

Жумладан, “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга кўра, Тошкент вилояти маҳаллий бюджетининг 2026 йилги даромадлари 7,4 триллион сўм ва харажатлари 7,7 триллион сўм этиб белгилангани маълум қилинди.
Бунда Маҳаллий бюджети харажатларининг 59 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилади. Жумладан, мактабгача таълим соҳаси учун 338,4 миллиард сўм, умумий ўрта таълим соҳаси учун 601,9 миллиард сўм, олий ва ўрта-махсус таълим учун 323,3 миллиард сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган.

Келгуси йилда соғлиқни сақлаш соҳасига 3 триллион 26,5 миллиард сўм, спорт соҳаси учун 200,4 миллиард сўм, маданият соҳасидаги давлат дастурларини молиялаштириш учун 1,9 миллиард сўм, спорт соҳасидаги дастурларга 10,8 миллиард сўм ажратилади.
Сессияда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш масаласи кўриб чиқилиб, бу борада масъул ташкилот раҳбари ахбороти эшитилди. Шундан сўнг Президентимизнинг тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан ўтказилган учрашувида берилган топшириқлар ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги масалага ҳам эътибор қаратилди.

Ушбу йўналишда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари томонидан ахборот тақдим этилди. Якунда сессия кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича масъулларга аниқ вазифалар қўйилди.


А.Мусаев, ЎзА.