Тошкент вилоятилик 30 битирувчи муддатидан аввал талаба бўлган
Тошкент вилоятида бу йил умумтаълим мактабининг 9-синфини 41 минг 715, 11-синфини 35 минг 712 йигит-қиз тамомлади.
Тошкент вилоятида бу йил умумтаълим мактабининг 9-синфини 41 минг 715, 11-синфини 35 минг 712 йигит-қиз тамомлади. Улар таълимнинг кейинги босқичини қаерда давом эттиради, бандлиги қандай таъминланади?
Бу каби саволларга вилоят маркази – Нурафшон шаҳрида ўтказилган брифингда жавоб берилди.
Вилоят ҳокимлиги, халқ таълими, бандлик бошқармалари, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг «Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш» бўйича доимий комиссияси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши билан ҳамкорликда бўлиб ўтган тадбирда таъкидланганидек, ёшлар ўртасида ўтказилган онлайн сўровномада 26 фоиз 9-синф битирувчилари касб-ҳунар мактабларига бориш истагини билдирган.
Халқ таълими бошқармаси мутахассислари 11-синф битирувчиларини олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларига муносиб тайёрлаш мақсадида Давлат тест маркази тестлари асосида ўтказилган синовда уларнинг 42 фоизи юқори натижа кўрсатганини айтди. Шунингдек, вилоятдаги 30 битирувчи муддатидан аввал талаба бўлишга улгурган.
Жумладан, Тошкент тумани 18-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Раъно Маъруфова компьютер ва бизнес менежменти йўналиши бўйича инглиз тилида онлайн имтиҳонларни муваффақиятли топшириб, бир йўла АҚШдаги 4 та университетга қабул қилинган. Бу йил 11-синф битирувчиларининг 210 нафари олтин, 29 нафари кумуш медаль соҳиби бўлган.