Тошкент вилоятида микромарказлар ташкил этилмоқда
Охирги йилларда ҳудудлардаги маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизликни бартараф қилиш мақсадида ҳунармандчилик, тикувчилик, косибчилик, қандолатчилик, касаначилик ва чорвачилик каби тармоқларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 25 июлдаги “Маҳаллаларда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачилик микромарказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори бу борада муҳим дастуриламал вазифасини бажаряпти. Хусусан, Тошкент вилоятида ҳам ўтган йили 4 та қурилган бўлса, жорий йилда 13 та микромарказлар ташкил этилади. Ҳозирда Нурафшон, Олмалиқ шаҳарлари ҳамда Чиноз, Паркент туманларида ана шундай 5 та микромарказ фойдаланишга топширилди. Йил охиригача, Зангиота туманида қўшимча 20 та микромарказ ташкил этилиши борасида амалий ишлар бошланган.
Мазкур мажмуалар учун маҳаллалар ёки маҳаллаларнинг туташ ҳудудларида бўш турган давлат мулки объектлари ёки қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер майдонлари ажратилмоқда. Бир ҳудудда бир нечта микромарказдан иборат микромарказлар комплекси ташкил қилиниши мумкин. Ҳудудда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик фаолият йўналишлари бўйича камида 10 та ёки чорвачилик йўналиши бўйича камида 3 та иш ўрнини яратиш ва таъминлаб бориш керак бўлади.
Яна бир муҳим жиҳати шуки, микромарказлар фойдаланишга топширилган кундан бошлаб 3 йил муддат давомида уларга нисбатан юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва мол-мулк солиғи учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилади.
Эндиликда маҳаллага саноат кириб боради. Тадбиркор ҳам, оддий фуқаро ҳам манфаатдор бўладиган тизим яратилади. Қолаверса, ҳудудлардаги бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш орқали маҳаллалар инфратузилмаси яхшиланади.
А.Мусаев, ЎзА