Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Нурафшон шаҳрида “2026 Information Technologies and Artificial Intelligence International Conference” халқаро илмий-амалий конференцияси ташкил этилди. Унда мамлакатимиз билан бир қаторда Россия, Туркманистон ҳамда бошқа мамлакатлардан ташриф буюрган 100 дан ортиқ олим, эксперт, IТ соҳаси мутахассислари ва турли ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Тадбир доирасида сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва замонавий ахборот технологияларининг долзарб йўналишлари юзасидан маърузалар тингланди, илмий ишланмалар тақдим этилди ҳамда халқаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Иштирокчилар илм-фан ва инновациялар соҳасида тажриба алмашиб, янги лойиҳаларни шакллантириш ҳамда мутахассислар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш чоралари кўрилди.

***
“Нуроний” жамғармаси Тошкент вилояти бўлимида Президентимизнинг 2024 йил 25 ноябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси, кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш масалалари бўйича мулоқот ўтказилди.

Унда қарор доирасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, эришилган натижалар ва мавжуд муаммолар муҳокама этилди. Айниқса, Пискент, Бекобод, Чиноз ва Оҳангарон туманларида кексалар билан ишлаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, маънавий-маърифий тадбирларга кенг жалб этиш борасида тўпланган ижобий тажрибалар иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди. Ҳудудларда кексалар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, манзилли кўмак кўламини кенгайтириш, нуронийларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар режалаштирилди.

***
Тошкент давлат аграр университетида абитуриентлар ва ёшларни олий таълим муҳити билан яқиндан таништириш мақсадида навбатдаги “Очиқ эшиклар куни” тадбири бўлиб ўтди.

Дастлаб академик лицей битирувчилари ҳамда Тошкент вилоятидаги 20 га яқин умумтаълим мактабларининг ўқувчиларидан иборат абитуриентлар университет фаолияти билан яқиндан танишди. Абитуриентларга олийгоҳда яратилган замонавий ўқув ва илмий лабораториялар, инновацион марказлар, ахборот-ресурс маркази, талабалар турар жойлари ҳамда таълим жараёнида яратилган кенг имкониятлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, иштирокчилар университетнинг халқаро ҳамкорлик дастурлари, академик алмашинув лойиҳалари, грант ва стипендия имкониятлари ҳамда талабалик ҳаётининг муҳим жиҳатлари билан танишиш имкониятига эга бўлди.
А.Мусаев, ЎзА