Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Қибрай туманида жойлашган Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги академик лицейда “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши раиси, Республика Маънавият ва маърифат маркази Тошкент вилояти бўлими бошлиғи ҳамда “Ёшлар келажак” жамғармаси вилоят филиали бошлиғи иштирок этди.

Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар, таклиф ва муаммолар билан бевосита мурожаат қилди. Раҳбарлар томонидан билдирилган фикр ва ташаббуслар қўллаб-қувватланиб, ёшларнинг келажак режалари ҳамда ташаббуслари муҳокама қилинди.
Мазкур учрашув ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг фаоллигини оширишда муҳимдир.
***
Пискент туманида пиллачиликни ривожлантиришга қаратилган семинар ўтказилди. Унда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, вилоят ва туман ҳокимлиги мутасаддилари, шунингдек, ҳудудлар ҳокимларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари қатнашди.

Семинарда пиллачилик соҳасида Хитой тажрибасини жорий этиш, қурт уруғини сақлаш ва тарқатишнинг замонавий усуллари, шунингдек, аҳоли билан ишлашнинг самарали механизмлари юзасидан батафсил маълумотлар берилди.

Шундан сўнг масъуллар Пискент туманининг “Мингтепа” маҳалласида бўлиб, ҳудуддаги хонадонларда яратилган шароитлар, аҳолининг яшаш ва турмуш тарзи билан яқиндан танишди. Маҳалла еттилиги аъзолари томонидан ҳудудда амалга оширилаётган ишлар, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган лойиҳалар ижроси хонадонма-хонадон кўрсатиб берилди.
***
Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Отабек Султанбеков ҳамда Хитойнинг Жиангсу провинцияси Ташқи ишлар идораси директорининг ўринбосари Жин Шангжун ўртасида муҳим учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида томонлар ҳудудларда мавжуд спорт инфратузилмасини яхшилаш, замонавий футбол майдонларини барпо этиш ва мавжуд ўйин майдонларини реконструкция қилиш масалаларини муҳокама қилди. Бу борада Жиангсу провинциясининг тажрибасини ўрганиш ва уни амалиётга жорий этиш юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, учрашувда соғлиқни сақлаш йўналишида ҳам муҳим келишувларга эришилди. Хусусан, халқ табобати бўйича Тошкент вилоятидан шифокорларни Жиангсу провинциясида малака ошириш ва ўқитиш масаласи кўриб чиқилиб, бу борада ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан келишиб олинди.
А.Мусаев,ЎзА.