Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
"Ҳудудгаз Тошкент" газ таъминоти филиалида ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш масаласи доимий диққат марказида.
Қибрай туманида бўлиб ўтган навбатдаги меҳнат жамоаси конференцияси айнан шу мақсадга қаратилди. Унда филиалнинг шаҳар ва туман газ таъминоти бўлимларидан сайланган 28 нафар аъзоси ҳамда соҳа мутасаддилари қатнашди.
Тадбир давомида филиал маъмурияти ва бошланғич касаба уюшмаси қўмитасининг ўтган даврда амалга оширган ишлари бўйича ҳисоботлари тингланди. Муҳокамалардан сўнг, қатнашчилар томонидан жамоа шартномаси бандларининг бажарилиши бир овоздан "қониқарли" деб баҳоланди. Таъкидланганидек, ходимларнинг ҳуқуқий ва иқтисодий манфаатлари тўлиқ таъминланган.
Тадбир давомида келгуси режалар ҳам белгилаб олинди. Хусусан, газ таъминоти бўлимларида маънавий-маърифий ишларни ривожлантириш, ходимлар учун юртимизнинг тарихий жойларига экосаёҳатлар ташкил этиш ҳамда спорт тадбирлари орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга алоҳида урғу берилди.
***
Тошкент давлат аграр университети томонидан жорий этилган “Янги агроном” тизими доирасида назарий билимлар бевосита дала шароитида амалиёт билан мустаҳкамланмоқда.
Мазкур тизим асосида университет ишчи гуруҳи ҳамда талабалар Юқори Чирчиқ туманидаги далаларда чигит экишнинг замонавий агротехнологияларини ўрганди. Хусусан, талабалар “Шинжон” усулида, 76×10 схема асосида чигитни плёнка остига қўшқаторлаб экиш жараёнида иштирок этди.
Ушбу технология тупроқ намлигини сақлаш, ҳароратни барқарор ушлаб туриш ҳамда бегона ўтларни камайтириш орқали юқори ҳосилдорликка эришишга хизмат қилади. Шунингдек, жараён тўлиқ томчилатиб суғориш тизими билан интеграция қилингани ресурслардан оқилона фойдаланиш имконини бермоқда.
Мазкур ёндашув орқали талабалар назарий билимларини мустаҳкамлаш билан бирга, замонавий агротехнологияларни амалиётда қўллаш кўникмаларини ҳам эгалламоқда.

***
Чирчиқ шаҳрида жойлашган Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида спортнинг дзюдо тури бўйича кичик ўсмирлар (2012 ҳамда 2013–2014 йилларда туғилган ўғил ва қиз болалар) ўртасида Тошкент вилояти турнири бўлиб ўтди.
Мазкур мусобақада вилоятнинг турли ҳудудларидан келган ёш дзюдочилар иштирок этиб, ўз маҳоратларини намойиш этди. Беллашувлар давомида иштирокчилар техника, тезкорлик ва матонат борасида ўзаро куч синашиб, муросасиз баҳслар олиб борди.


Турнир якунида ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, улар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ушбу мусобақа ёшлар ўртасида дзюдо спорт турини оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ҳамда уларни келгусида юқори босқич мусобақаларига тайёрлашда муҳим аҳамият касб этди.
А. Мусаев, ЎзА