Тошкент вилояти ҳокимининг телеграм канали очилди
Тошкент вилояти ҳокими, сенатор Рустам Холматовнинг ижтимоий тармоқ – телеграмда шахсий канали очилди.
Тошкент вилояти ҳокими, сенатор Рустам Холматовнинг ижтимоий тармоқ – телеграмда шахсий канали очилди.
Вилоят ҳокими Р.Холматов шу муносабат билан ўз канали обуначиларига қуйидагича мурожаат йўллади:
“Шуни мамнуният билан Сизларга маълум қилмоқчиманки, бундан буён Тошкент вилоятининг раҳбари сифатидаги фаолиятим билан ушбу шахсий телеграм каналим орқали батафсил танишиб боришингиз мумкин.
Вилоятимиз ўзининг катта салоҳияти ва кенг имкониятлари билан мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида салмоқли ўрин тутади.
Кейинги вақтларда барча соҳаларда амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимиз, амалий ишларимиз, ислоҳотларимиздан кўзланган асосий мақсад – аҳолимизнинг турмуш даражасини яхшилаш, вилоятимизни ҳар томонлама тараққий эттириш орқали халқимизни рози қилишга қаратилганини эътироф этмоқчиман.
Барчангизга мустаҳкам соғлик, тинчлик-омонлик, оилавий бахт ва иқбол, хонадонларингизга тўкин-сочинлик, файз-барака тилаш баробарида ушбу телеграм каналимиз орқали доимий равишда ғойибона дийдорлашиб турамиз, деган умиддаман”.