Тошкент шаҳрида 36 шахс оқланган
Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан брифинг ташкил этилди.
2021 йил биринчи чорагида Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судларига жисмоний ва юридик шахслардан жами 1,5 мингга яқин мурожаат тушган. Уларнинг 11 таси қаноатлантирилган, 5 таси бошқа органга юборилган, 1 минг 274 таси бўйича тушунтириш берилган.
Суд раисларининг қабулида 709 нафар фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилган. Мурожаатларнинг 75 таси қаноатлантирилган, 632 тасига тушунтириш берилган, 2 таси рад қилинган.
Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2021 йил биринчи чораги давомида жами 11 минг 505 фуқаролик иши тамомланган бўлиб, тамомланган ишларнинг сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга кўпайган.
Тамомланган ишлардан 9 минг 821 таси бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган. Шундан 8 минг 562 даъво қаноатлантирилган, 1 минг 259 даъво рад этилган, 210 иш тугатилган, 1 минг 474 ариза кўрмасдан қолдирилган.
Ҳисобот даврида ишга тиклаш, иш ҳақи ундириш, никоҳдан ажратиш, бола билан кўришиш тартибини белгилаш, уйга киритиш, ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки қурилмани бузиш, мерос, кредит ва ижара шартномасидан келиб чиқадиган низолар кўпайган.
Биринчи чоракда шаҳар суди апелляция инстанциясида жами 430 ҳал қилув қарори чиқариб, кўрилган иш апелляция шикоятлари (протестлари) асосида кўрилиб, 84 ёки жами ушбу инстанцияда кўрилган ишларга нисбатан 0,7 фоиз суд қарорлари бекор қилинган, 0,4 фоиз суд қарорлари ўзгартирилган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судлари томонидан 1 минг 596 нафар шахсга нисбатан 1 минг 167 жиноят иши кўриб тамомланган.
36 нафар шахсга нисбатан оқлов қарори чиқарилган, 312 ҳолатда тергов органи томонидан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилган.
Жиноят оқибатида етказилган 154,8 миллиард сўмдан ортиқ моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 119 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.
841 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган, 155 нафар шахс суд залида озод қилинган. 536 нафар шахс муддатидан илгари жазодан озод қилинган, 10 нафар шахсга тайинланган жазолар енгилроғи билан алмаштирилган.
Тошкент шаҳар ва жиноят ишлари бўйича туман судлари томонидан 20 минг 670 нафар шахсга нисбатан 18 минг 204 маъмурий иш кўриб тамомланган.
Маъмурий ҳуқуқбузарликка тортилган шахсларнинг 12 минг 573 нафарига жарима, 162 нафарига махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 3 минг 687 нафарига маъмурий қамоқ жазолари тайинланган.
Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда Тошкент туманлараро иқтисодий судлари томонидан 7 минг 736 иш кўриб чиқилган. Шундан 18 суд буйруғи берилган. Кўрилган ишлар сони ўтган йилга нисбатан 2 минг 409 тага ёки 31,2 фоизга кўпайган.
Тошкент шаҳар ва туманлараро маъмурий судлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 452 иш кўриб тамомланган. Шундан 245 таси қаноатлантирилган (119 таси рад қилинган, 58 таси иш юритишдан тугатилган, 30 таси кўрмасдан қолдирилган).
[gallery-2277]