Тошкент меъморий мероси - Ўзбекистон маданий дипломатиясининг янги саҳифаси
Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 48-сессиясида қабул қилинган тарихий қарор Ўзбекистоннинг маданий меросини халқаро майдонда яна бир бор эътироф этди.
Қўмита томонидан “Tashkent Modernist Architecture. Modernity and Tradition in Central Asia” (Тошкент модернистик архитектураси: Марказий Осиёда замонавийлик ва анъаналар) серияли номинация маъқулланиб, пойтахтимизнинг 10 та меъморий объекти ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди.
Мазкур қарор нафақат мамлакат меъморчилиги тарихида, балки юртимизнинг маданий дипломатияси, шаҳар меросини муҳофаза қилиш сиёсати ва халқаро гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш йўлида муҳим воқеа сифатида баҳоланмоқда.
Тошкент давлат шарқшунослик университети катта ўқитувчиси, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Маъмурахон Асрорхўжаева таъкидлашича, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз каби қадимий шаҳарлар тарихий марказлари ва меъморий объектлари аллақачон ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ва инсоният цивилизациясининг ноёб дурдоналари сифатида эътироф этилган.

- Тошкент модернизмининг ЮНЕСКО томонидан тан олиниши замонавий архитектурага нисбатан халқаро ёндашув ўзгариб бораётганининг ёрқин ифодасидир. Бу қарор ўлкамизнинг маданий сиёсатида муҳим бурилиш ясайди. Энди халқаро миқёсда мамлакат нафақат Ипак йўли цивилизацияси, балки XX аср модернистик архитектураси билан ҳам танилади.
ЮНЕСКО экспертлари номинацияни баҳолашда унинг “Outstanding Universal Value” (алоҳида умумжаҳон қиймати) мавжудлигини эътироф этди.
Таъкидланишича, пойтахтимиз модернистик архитектуранинг маҳаллий анъаналар билан уйғунлашуви, шаҳарсозликда иқлимга мос инновацион ечимлар, миллий безак санъати элементларининг замонавий биноларда қўлланилиши, 1966 йилги зилзиладан кейинги шаҳарни тиклаш тажрибасининг ўзига хослиги ва модернизмнинг Марказий Осиёда шаклланган мустақил мактаби сифатидаги хусусиятлари билан ажралиб туради.
Юқоридагиларнинг барчаси Тошкент модернизми фақат миллий эмас, балки умумжаҳон аҳамиятига эга маданий мерос сифатида баҳоланганини англатади. ЮНЕСКОнинг Серияли номинация доирасида қуйидаги объектлар - “Жемчуг” турар жой мажмуаси, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Халқлар дўстлиги саройи, Ўзбекистон давлат санъат музейи, Тошкент давлат цирки, Бадиий академия Марказий кўргазмалар зали, Алишер Навоий номидаги Кино саройи, “Чорсу” бозори, “Космонавтлар” метро бекати, “Қуёш” гелиокомплекси Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Эътиборлиси, ушбу 10 объектни ЮНЕСКО алоҳида бинолар сифатида эмас, балки бир шаҳарнинг ансамбль мероси сифатида тан олган.
Маълумки, Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорлик ўтган ўттиз йил давомида изчил ривожланиб келмоқда. Республикамиз 1993 йилда тузилмага аъзо бўлганидан сўнг маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш, таълим, фан ва маданият соҳаларида кенг қамровли маданий ҳамкорликнинг уникал моделини йўлга қўйди, десак муболаға бўлмайди.
Сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида маданий меросни муҳофаза қилиш ва уни халқаро майдонда кенг тарғиб этиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Ўлкада тарихий обидаларни реставрация қилиш, музейлар фаолиятини модернизация қилиш, археологик тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор дастурлар амалга оширилмоқда.
Тошкент модернизмининг ЮНЕСКО томонидан эътироф этилиши диёримизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, маданий дипломатия салоҳиятини кенгайтириш ва миллий архитектура мактабини жаҳон миқёсида тарғиб қилиш учун янги имкониятлар очади. Бу қарор Янги Ўзбекистоннинг халқаро гуманитар ҳамкорликдаги фаол иштирокини яна бир бор намоён этади.
Умуман олганда, Тошкент модернизмининг ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилиши – маданий мерос тушунчасини кенгайтириб, Ватанимизнинг бой тарихини нафақат қадимий обидалар, балки ХХ аср меъморчилиги орқали ҳам жаҳонга намоён этиш имконини берди. Бу эса мамлакатнинг халқаро нуфузини ошириш, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва келгуси авлодлар учун ноёб меъморий меросни асраб-авайлаш йўлида муҳим қадамдир.
Гўзал Сатторова,
ЎзА