Тошкент ҳавоси: инверсия туфайли "носоғлом" даража қайд этилди
Пойтахт ҳавосининг сифати яна кун тартибига чиқмоқда. Соҳа вакилларининг сўзларига кўра, кеча ифлосланиш даражаси ошган, аммо бугун вазият бироз яхшиланиши кутилмоқда. Ҳароратнинг пасайиши билан юзага келиши мумкин бўлган инверсия ҳаводаги зарарли моддаларнинг тарқалишига тўсқинлик қилиши эҳтимоли бор.
Қайд этилишича, ҳозирда атмосфера ҳавоси сифати махсус комиссия томонидан доимий мониторинг қилиб борилмоқда. Прогнозларга кўра, жорий йил 8 ноябрь куни соат 18:00 дан 20:00 гача пойтахтда ҳаво сифати Халқаро ҳаво сифати индекси (AQI) бўйича “сезгир гуруҳлар учун носоғлом” даражага етган. Миллий ҳаво сифати индекси бўйича эса “сариқ” даража кузатилган. Соат 21:00 дан бошлаб вазият бироз барқарорлашган, ҳаво сифати “ўртача” даражага тушган. Миллий индекс бўйича эса асосан “яшил”, қисқа муддатларда “сариқ” даража қайд этилиши мумкин.
Шу билан бирга, тунги соатларда ҳаво ҳароратининг пасайиши натижасида ҳарорат инверсияси шаклланган. Бу жараён атмосферадаги ифлослантирувчи моддаларнинг юқорига тарқалишини чеклаб, уларнинг ер юзасига яқин ҳаво қатламида тўпланишига сабаб бўлиши мумкин.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА