Тошкент форуми: Тадбиркорлар учун янги давр (+видео)
Тошкентда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ ҳамкорлигида ўтказилган “ТРК Бизнес-Форум-2026” мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган юзлаб тадбиркорлар, халқаро молия институтлари вакиллари ва соҳа экспертларини жамлади.
“Ривожланиш институти: молиялаштириш, инновация ва иқтисодий тараққиёт” шиори остида кечган анжуманда нафақат сармоявий имконият, балки бизнесни бошқариш ва рақамлаштиришнинг мутлақ янги босқичи ҳам тақдим этилди. Хусусан, компания бошқаруви раиси Аббосхон Маҳаматов тадбиркорликни узоқ муддатли ва барқарор молиялаштиришга қаратилган янги имкониятларни тақдим этди.
Маълумки, мажбуриятни вақтида бажарадиган, барқарор иш ўрни яратаётган, соф фойда кўраётган интизомли кичик ва ўрта бизнес вакилларига йиллик 12 фоиз билан 5 миллиард сўмгача кредит 10 йил муддатга ажратилиши белгиланган. Бундан ташқари ҳудудлар ривожига ҳисса қўшувчи ишлаб чиқариш ва туризм лойиҳалари учун хизмат ипотекаси механизми ёрдамида фойдаланилмаётган давлат маблағи ҳисобидан 15 миллиард сўмгача тақдим этиш, тиббиёт ва сайёҳлик мажмуалари учун 30 миллиард сўмгача йиллик 12 фоизли мақсадли ссуда бериш кўзда тутилган. 3 миллиард сўмгача бизнесни айланма маблағ билан таъминлаш мақсадига йўналтирадиган шериклик механизми ҳам яратилган.
Форум давомида халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилган янги тузилмалар ҳақида ҳам маълумот берилди. Жаҳон банки кўмагида ташкил этилган “Бизнес фонд” АЖ орқали тез суръатда ривожланаётган, барқарор иш ўрни яратаётган корхона ҳамда лойиҳаларга тўғридан-тўғри сармоя киритилмоқда.
Осиё тараққиёт банки билан бирга “Микромолиялаш хизматини ривожлантириш” МЧЖ фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу тузилма ёндош ташкилотларга кредит ва кафолат тақдим этиб, энг кичик бизнес субъектлари учун ҳам молиявий ресурсдан фойдаланиш имкониятини кенгайтирди.
Компания қўллаб-қувватлаган лойиҳалар сони 2023 йилга нисбатан 1,9 баробар ошиб, 100 000 га етди. Ажратилган молиявий ёрдам миқдори 25,3 триллион сўмни ташкил этди. Мазкур ташаббуслар доирасида 390 000 дан кўп янги иш ўрни яратилди, 10 000 дан зиёд тадбиркор фаолияти кўламини кенгайтиришга эришди.
Тадбирнинг энг муҳим қисмларидан бири бизнес жараёнини соддалаштиришга қаратилган рақамли маҳсулотлар тақдимоти бўлди.
Мутахассислар “Тадбиркор” веб-портали ҳамда мобил иловаси имкониятини намойиш этди. Энди тадбиркор аризани масофадан туриб юбориши, шартномани эса электрон рақамли имзо орқали уйдан чиқмасдан имзолаши мумкин. Тизимга интеграция қилинган “IdeaLab” ва сунъий интеллектга асосланган таҳлил платформалари орқали бизнес-режа ҳамда техник-иқтисодий асосномани автоматик тарзда тайёрлаш, корхона ликвидлиги ва молиявий барқарорлигини текин баҳолаш, шунингдек молиявий тавсия олиш имкони яратилди.
А.Маҳаматов таъкидлаганидек, тадбиркорликни ривожлантиришда молиявий кўмак билан бир қаторда номолиявий хизмат ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зеро, ажратилган маблағ самарадорлиги тадбиркор ҳисоб-китобни қай даражада пухта юритишига ҳам боғлиқ. Шу мақсадда олий таълим муассасалари билан бирга “Ёш бизнес таҳлилчилар дастури”ни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Тадбир якунида “BMB Media” раҳбари Диёрбек Ўлмасов тайёрлаган “Бир қадам” ҳужжатли фильми намойиш этилди. Очиқ мулоқот ва савол-жавоб шаклида кечган анжуман тадбиркорларга ўзларини қизиқтирган турли саволларга аниқ жавоб олиш имконини яратди.
[gallery-32058]
Фардона Яхшибоева,
Улуғбек Тўхтаев (видео),
ЎзА