“Тошкент-2026”: яна учта вазнда жаҳон чемпионлари аниқланди
Тошкент шаҳри мезбонлик қилаётган таэквондо WT бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг навбатдаги куни ҳам Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари учун муваффақиятли якунланди.
Хусусан, мусобақанинг иккинчи кунида йигитлар ўртасидаги -48 кг. вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Ёсинбек Одилов сўнгги ҳал қилувчи финал жангида Уммон вакили Довуд Ал-Юсуфийни 2:0 ҳисобида доғда қолдирган ҳолда жаҳон чемпионига айланди. Ушбу вазнда Абдулла Шаҳин (Иордания) ва Ерасил Ерзат (Қозоғистон) бронза медалга сазовор бўлди.

Вазни -55 кг. бўлган таэквондочилар баҳсида Муҳаммад Ходейи (Эрон) барча рақибларини таслим этиб, олтин медалга эга чиққан бўлса, Антони Соколовски (Польша) кумуш, Абдураҳмон Килич (Туркия) ва Ислом Медетбай (Қозоғистон) кучли учликдан жой олди.
Ушбу вазндаги қизлар орасида Лю Цзысюань (Хитой), Клара Углешич (Хорватия), Ҳала Ҳани Омар (Миср) ҳамда Аминат Рамазанова (Россия) каби таэквондочилар ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.
“Олимпия шаҳарчаси”да ўтаётган дунё биринчилигининг 14 апрель кунги беллашувларида 4 нафар вакилимиз медаллар учун кураш олиб боради.

Жумладан, Зуҳра Измаилбоева -42 кг. вазндаги иштирокини 1/16 финал босқичидан бошлайди. У француз спортчиси Энеа Бруне ҳамда қозоғистонлик Шаҳризода Акрамова ўртасидаги беллашув ғолибига қарши даянга чиқади. Ситора Асророва эса +68 кг. вазн тоифасининг 1/16 финал босқичида Хорватия терма жамоаси вакили Сара Зижик билан рақобатлашади.
Йигитлар ўртасида Аҳаджон Мухторов (–73 кг) россиялик Никита Губанов ва хитойлик Вэньюн Ванг жуфтлиги ғолибига қарши беллашса, Шоҳжаҳон Холмуродовнинг рақиби вьетнамлик Нгуен Дук Чунг бўлади. Ҳар икки спортчимиз ҳам иштирокини 1/16 финал босқичидан бошлайди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА