“Тошкент-2026”: Яна уч вазнда жаҳон чемпионлари аниқланди
Тошкент шаҳрида ўтаётган таэквондо WT бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг бешинчи кун баҳслари якунига етди. Унда 3 та вазнда ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Жумладан, вазни -68 кг. бўлган йигитлар ўртасида ҳамюртимиз Аюбхон Набиев финалга қадар ўтган жангларда барча рақибларини таслим этди ва кумуш медаль билан тақдирланди. Ушбу вазнда Исмаил Исмаилов (Россия) чемпионга айланган бўлса, Алидар Абдукаримов (Қозоғистон) ва Карло Холевич (Хорватия) бронза медаль билан тақдирланди.

Йигитлар ўртасидаги -63 кг. вазнда Парса Ҳушёр (Эрон), Нолан Роземунд (Франция), Жи Юнгжин (Корея Республикаси) ва Сергей Иванович (Сербия) шоҳсупага кўтарилган бўлса, қизлар орасида -49 кг.да Сииву Ли (Корея Республикаси), Миксюе Ли (Хитой), Ҳелия Иброҳимиан (Эрон) ва Тина Нинич (Сербия) жаҳон чемпионати ғолиб ва совриндорларига айланди.

Жаҳон чемпионатининг сўнгги 6 кунги беллашувларида қизлар -52, йигитлар эса -51 кг. вазнда баҳсларга киришади. Ушбу баҳсларда ҳамюртларимиздан Нозимахон Абдужабборова юришини 1/32 финал босқичидан бошлайди ва Анастасия Селивестру (Молдова) билан жанг қилса, Асадбек Самандаров мазкур босқичда Азман Ник Муҳаммадни (Малайзия) синовдан ўтказади.

Шунингдек Моҳидил Ўктамжонова -63 кг. вазн тоифасида мусобақанинг 1/16 финал босқичида Буюк Британия вакили Винсент Пейж билан куч синашади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА