“Тошкент-2026”: Жаҳон чемпионатида янги чемпионлар сараланмоқда
Тошкент шаҳрида ўтказилаётган таэквондо WT бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати қизғин ва муросасиз беллашувларга бой тарзда давом этмоқда. Мусобақанинг тўртинчи кунги баҳслари ҳам кутилмаган натижаларга бой бўлди.
Хусусан, йигитлар ўртасида вазни -59 кг. бўлган Мануэл Гильермо (Мексика) барча рақибларини енгиб, жаҳон чемпионига айланган бўлса, Жи Вунг Ҳа (Корея Республикаси) ушбу вазнда вице-чемпионга айланди. Шунингдек, Адам Хаснауи (Тунис) ва Зинедин Шерли (Канада) бронза медаль билан тақдирланди.
Шунингдек, -78 кг. вазнда Башир Ажиев (Россия), Жошуа Аладе (АҚШ), Жун Вонг Янг (Корея Республикаси) ҳамда Рен Ю Янг (Хитой Тайпейи) шоҳсупага кўтарилди.

Қизлар ўртасида вазни 44 килограммгача бўлган Аййим Серикбаева (Қозоғистон) олтин, Понсе Муньес (Мексика) кумуш, Лайна Бедуэл (Франция) ва Петра Углешич (Хорватия) бронза медалига сазовор бўлди. -68 кг.да Майя Срхой (Хорватия), Эма Зечирович (Сербия), М.Абдулгалимова (Россия) ҳамда Мора Домингес (Испания) мусобақа ғолиб ва совриндорларига айланди.

Бугун, 16 апрель куни жаҳон чемпионати доирасида 3 та вазнда жаҳон чемпионлари аниқланади. Унда Ўзбекистон терма жамоаси таркибида қуйидаги таэквондочилар даянга чиқади.
Қизлар ўртасида -49 кг. вазн тоифасида Фарангиз Маҳкамбоева илк жангини Буюк Британия вакили Скай Тайлер ҳамда малайзиялик Ник Насрулла ўртасидаги беллашув ғолибига қарши ўтказади.
Маҳоратли таэквондочимиз Омадбек Отабеков -63 кг. вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилади. У мусобақани 1/16 финал босқичидан бошлаб, қирғизистонлик Алихан Миникишев ва ливанлик Моҳамед Атев баҳси ғолиби билан куч синашади.
Шунингдек, Аюбхон Набиев вазни -68 кг. бўлган таэквондочилар ўртасида болгариялик Йордан Ангелов ҳамда финляндиялик Пирту Хайтикайнин жуфтлиги ғолибига қарши жанг қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА