Тўронғилларни ноқонуний кесган фуқаро жаримага тортилди
Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси Экополиция ходимлари томонидан 2026 йил январидан бугунги кунга қадар, шаҳар ва туманларда ўтказилган экологик назорат рейд тадбирлари давомида 1 минг 484 ҳуқуқбузар ноқонуний равишда белгиланмаган жойга маиший ва қурилиш чиқиндиларни ташлаганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 91-моддаси 1- ва 2-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жами 690 миллион 300 минг сўм жарима белгиланди.
Шунингдек, экология соҳасида назорат тадбирлари давом этмоқда. Навбатдаги рейд давомида бир нафар фуқаронинг масъулиятсизлиги табиатга ва унинг ҳамёнига катта зарар етказгани маълум бўлди.

Жумладан, Хоразм вилояти “Ҳазорасп” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Х.О. томонидан Тўрткўл тумани “Атауба” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги ердан ноқонуний равишда табиий ҳолда ўсиб турган 49 туп тўронғил дарахтини кесиб ташлаганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорининг 4-иловасига асосан, ноқонуний кесилган дарахтлар икки баравар коэффициентда табиатга етказилган 262 миллион 32 минг сўм миқдоридаги зарар ҳисобланди.
Ҳар бир кесилган дарахт келажагимизга берилган зарбадир. Мамлакатимизда дарахт ва буталарни ноқонуний кесганлик, шикастлантирганлик ёки йўқ қилганлик учун қатъий маъмурий, молиявий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган. Шунинг учун уларни асраб-авайлаш нафақат қонуний, балки инсонийлик бурчимиздир.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.