“Тўрақўрғон” ИЭСда “яшил” энергия ҳажми ортиб бормоқда
“Тўрақўрғон” иссиқлик электр станциясида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори станцияда бу ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлаётир.
Хусусан, бугунги кунда станцияда 4,9 гектар майдонда қурилган умумий қуввати 4,5 МВтли қуёш фотоэлектр станцияси самарали ишламоқда. 2024 йил давомида 5,5 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлиб, бу 29 минг 677 хонадоннинг бир ойлик электр эҳтиёжини қоплашга етади. Шу орқали 1,1 миллион метр куб табиий газ тежалди.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Бекмуҳаммедовнинг сўзига кўра, 2025 йилнинг январь-февраль ойларида станция 510,5 минг киловатт соат “яшил” энергия ишлаб чиқарган.
–Бу 2 минг 760 хонадоннинг бир ойлик эҳтиёжига тенг бўлиб, 102,1 минг метр куб табиий газ тежалишига замин яратди. Станция ишчи-ходимлари ҳам қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишда фаоллик кўрсатмоқда. 2025 йил 1 март ҳолатига кўра, 74 нафар ходим ўз уйларига жами 307,8 киловатт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатди. Таҳлилларга кўра, 3 кВт панеллар ўрнатганлар электр истеъмолининг 70 фоизини, 5 кВт панеллар ўрнатганлар эса 100 фоизини қуёш энергияси орқали қопламоқда. 5 кВтдан юқори панелларга эга бўлганлар эса ортиқча энергияни тармоққа узатиб, қўшимча даромад топмоқда, – деди М.Бекмуҳаммедов.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА