“Тор йўлаклар”дан тенг имкониятларга: ногиронлиги бўлган шахслар учун янги лойиҳа бошланди
Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, уларга касбий кўникмалар бериш ва иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган янги қўшма лойиҳа ишга туширилди.
Пойтахтда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) вакиллари иштирокида лойиҳани расман бошлаш маросими ўтказилди.
TCP/UZB/4101 — “Ногиронлиги бўлган шахсларни мослаштирилган иссиқхоналар орқали ижтимоий интеграция қилиш ва уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш” лойиҳаси 24 ой давомида амалга оширилади.
Лойиҳа доирасида Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Олмалиқ, Фарғона ва Самарқанддаги олтита ихтисослаштирилган таълим муассасаси пилот ҳудуд сифатида танланган. Уларда мавжуд иссиқхоналар ногиронлиги бўлган шахслар учун янада қулай ва фойдаланиш имкони юқори бўлган шаклга келтирилади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий сиёсат лабораторияси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 845 минг 300 нафар ногиронлиги бўлган шахс расман рўйхатга олинган. Уларнинг 532 минг нафардан ортиғи қишлоқ жойларда истиқомат қилади.
Бироқ қишлоқ ҳудудларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг атиги 5,8 фоизи расмий банд. Ногиронлиги бўлган қишлоқ аёллари орасида эса бу кўрсаткич 4,4 фоизни ташкил этади.
Муаммонинг яна бир муҳим жиҳати — мавжуд инфратузилманинг барча учун бирдек қулай эмаслиги. Иссиқхоналардаги тор йўлаклар, ер сатҳида жойлашган экин майдонлари, баланд остоналар ва қўлда бошқариладиган суғориш тизимлари ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши ва меҳнат қилишига тўсиқ бўлиши мумкин. Янги лойиҳа айнан шу муаммоларни “SmartGreen Inclusion” модели орқали ҳал этишни кўзда тутмоқда.
Ҳар бир пилот муассасада аввало агрономик шароит ва фойдаланиш имкониятлари баҳоланади. Шундан сўнг иссиқхона унинг жойлашуви, имкониятлари ҳамда ундан фойдаланувчи ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб мослаштирилади. Бунда иштирокчиларнинг фикри ҳам инобатга олинади. Яъни лойиҳада ногиронлиги бўлган шахслар нафақат ёрдам олувчи, балки қарорлар қабул қилиш жараёнининг бевосита иштирокчиси сифатида қаралади.
Уларнинг иссиқхонада экин етиштиришнинг тўлиқ ишлаб чиқариш жараёнида иштирок этиши, амалий касбий кўникмаларни эгаллаши ва келгусида даромад манбаига эга бўлиши учун шароит яратилади.Лойиҳанинг асосий мақсади фақат олтита муассасада иссиқхоналарни мослаштириш билан чекланмайди.
Ўзбекистонда ҳозирга қадар ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилган иссиқхоналарни лойиҳалаш бўйича миллий стандарт, ногиронлик эҳтиёжларига мос қишлоқ хўжалиги таълими модели ҳамда кенг жорий этиш учун амалиётда синовдан ўтган намуна мавжуд эмас.
Шу боис пилот муассасаларда тўпланган тажриба асосида мослаштирилган иссиқхоналарни лойиҳалаш бўйича синовдан ўтган миллий стандарт ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Шунингдек, ушбу ёндашувни бошқа ҳудудларда қўллаш учун амалий воситалар тўплами яратилади. Лойиҳа доирасида мониторинг ва маълумотлар жинс, ногиронлик тури ҳамда пилот объектлар кесимида юритилади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича маслаҳатчиси Мансурбек Оллояров таъкидлаганидек, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш ижтимоий хизматлар билангина чекланмаслиги керак. Уларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариши, барқарор даромад топиши ва иқтисодий ҳаётда тенг иштирок этиши учун зарур шароит яратиш муҳим.
“FAO” нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили ўринбосари Шерзод Умаров эса қишлоқ хўжалигини ҳар бир инсон учун имконият яратадиган соҳага айлантириш муҳимлигини қайд этди.
Лойиҳа тақдимоти доирасида дастлабки олти ой учун устувор чора-тадбирлар, масъул ташкилотлар, ҳамкорлик механизмлари ва асосий муддатлар белгилаб олинди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА