Тўққиз ойлик фаолият сарҳисоб қилинди
Жиззах вилоят ички ишлар бошқармасида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Диёрбек Саттаров раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда тизимнинг жорий йилги тўққиз ойлик фаолияти сарҳисоб қилинди. Муҳокамалар давомида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш, криминоген вазият барқарорлигини сақлаш, аҳоли билан манзилли ишлаш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, хизмат интизомига риоя этиш ва қонунийликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар танқидий-таҳлилий баҳоланди. Йиғилишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш, профилактика тадбирларини янада самарали ташкил қилиш ва фуқаролар мурожаатларига ўз вақтида муносабат билдириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Зеро, ички ишлар органлари фаолиятининг самараси нафақат содир этилган ҳуқуқбузарликларга муносабат билдириш, балки уларнинг олдини олиш, аҳоли ишончини мустаҳкамлаш ва ҳар бир фуқаронинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳам намоён бўлади.

Ташриф доирасида вазир ўринбосари Жиззах вилоятИИБ Тезкор бошқарув маркази фаолияти билан ҳам танишди. Бу ерда замонавий мониторинг тизими, "Қалқон" платформасига интеграция қилинган видеокузатув камералари ҳамда оператив вазиятни реал вақт режимида кузатиш имкониятлари кўздан кечирилди. Мазкур техник имкониятлар ҳудуддаги вазиятни тезкор таҳлил қилиш, эҳтимолий хавф-хатарларга ўз вақтида муносабат билдириш ва тегишли хизматлар ҳаракатини мувофиқлаштиришда муҳим ўрин тутади.

Йиғилиш якунлари бўйича белгиланган вазифаларнинг изчил бажарилиши, профилактик ишларнинг таъсирчанлигини ошириш ва хизмат фаолиятида қонунийликка қатъий амал қилиш устувор вазифалар сифатида белгилаб олинди. Асосий мақсад Жиззах вилоятида жамоат тартиби ва осойишталикни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг хавфсиз ҳаётини таъминлаш ҳамда аҳоли ишончини амалий ишлар билан оқлашдир.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири