Тоқаев: Қозоғистон Каспий орқали Осиё ва Европани боғлайди
"АзерТАЖ" хабарига кўра, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Транскаспий халқаро транспорт йўналиши доирасида мамлакат Каспий денгизи орқали Осиё ва Европа ўртасида боғловчи бўғин бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Давлат раҳбари Нью-Деҳлида бўлиб ўтган "Outreach"/"БРИКС плюс" форматидаги ялпи мажлисда сўзлаган нутқида ушбу муҳим транспорт йўналишининг "Бир макон, бир йўл" ташаббуси ва "Шимол – Жануб" халқаро транспорт йўлаги билан уйғунлашуви янада интеграциялашган ва барқарор Евросиё транспорт тармоғини шакллантиришига урғу берди.
Қозоғистон раҳбари мамлакати темир йўл тармоғи, порт ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш орқали трансчегаравий ташувни тезлаштириш ва янада қулай қилишга интилаётганини таъкидлади.
Ўтган йил Қозоғистон орқали ташилган транзит юк 40 миллион тоннага яқинлашди. Мамлакатнинг узоқ муддатли мақсади ушбу кўрсаткични йилига 100 миллион тоннага етказишдир.
Қосим-Жомарт Тоқаев фикрича, Қозоғистон транзит тармоғи аллақачон Хитой ва Европа ўртасидаги қуруқлик юки ташувининг 85 фоизини таъминламоқда.
Абдуғафур Маматов, ЎзА