Томорқада каннабис, жавон тагида марихуана
Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган “Қорадори-2021” тадбири давомида Ғаллаорол туманида истиқомат қилувчи шахс ўз томорқасида қонунга хилоф равишда гиёҳванд ўсимлиги етиштираётганлиги аниқланди.
Туманнинг “Маданият” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи Айтбай Қайтмасбаев (исми-шарифи ўзгартирилди) Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига зид равишда ўз томорқасида 8 туп каннабис гиёҳванд ўсимлигини етиштираётганлиги ички ишлар ходимлари томонидан ўтказилган “Қорадори-2021” операцияси давомида фош этилди.
Айтбайнинг бу қонунбузарлиги ҳам камлик қилган экан шекилли, унинг ошхонаси кўздан кечирилганида, хонадонидаги жавон тагидан 7,75 грамм марихуана гиёҳвандлик моддаси ҳам топилди.
Мамлакатимизда қонун устуворлиги таъминланган. Амалдаги қонунларимизни бузган ва унга амал қилмаган ҳар қандай шахс қонун олдида жавоб беришга мажбур.
Қилмиш – қидирмиш, дейишади. Энди Айтбай Қайтмасбаев ҳам ўз қишмишларига яраша қонун олдида жавоб беради.
Ушбу ҳолатлар юзасидан мутасадди идора ходимлари тегишли тартибда жиноят иши қўзғатди.
А.Қаюмов, ЎзА