Томорқачи тажрибаси оммалашади
Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги Тинчлик маҳалласида томорқасидан даромад олаётган соҳибкорлар кўпчиликни ташкил этади. Улардан бири 20 сотих томорқасидан ҳар йили 100 миллион сўмдан зиёд даромад олаётган Саид Ҳамроқулов.
Куни кеча унинг хонадонида амалий семинар ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев, вилоят, туман секторлари раҳбарлари, тижорат банклари бошқарувчилари, томорқачилар, маҳалла раислари ва ҳоким ёрдамчилари иштирок этди.
Хонадон эгаси эрта баҳорда 15 сотих ерга 50 минг дона теракнинг “Ўзбекистон” нави қаламчаларини қадаган. Шунингдек, 5 сотихда биринчи экин сифатида помидор ва бодринг етиштириб, бугунги кунда уларнинг ўрнига булғор қалампири ва ловия эккан. Учинчи экин сифатида эса шолғом, турп ва саримсоқпиёз экишни режалаштирган.
Саид Ҳамроқуловнинг маҳсулотларни алмашлаб экиш ва қаламчалардан терак кўчати етиштириш тажрибаси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Вилоят ҳокими ушбу тажрибани “Боёвут тажрибаси” сифатида қолган ҳудудларда ҳам татбиқ этиш лозимлигини таъкидлади. Маҳалла тизимида фаолият юритаётган масъулларни бу борада фаол бўлишга чақирди.
[gallery-13179]
Ш.Суяров,
Ш.Ортиқбоев (сурат), ЎзА