Томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланилади
Сўнгги йилларда мамлакатимизда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ажратилган майдонлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ аҳолисининг бандлиги ва турмуш даражасини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, фаолиятини янада кенгайтириш ва аҳоли томорқаларини хизмат кўрсатиш билан қамраб олишни оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасида 342 минг 335 деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаси мавжуд бўлиб, 46 минг 866 гектар ер майдонида фаолият юритади. Шунингдек, пахтачилик ва ғаллачилик йўналиши бўйича 2 минг 444 та, сабзавотчилик ва полизчилик йўналиши бўйича 520 та, ғаллачилик маҳсулотларини етиштириш бўйича 504 та, боғдорчилик ва узумчилик йўналишида 281 та, чорвачиликда 869 та ва бошқа йўналишларда 498 та, жами 5 минг 116 та фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Шундан 41 та фермер хўжалигига аёллар раҳбарлик қилиб келмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 2021 йил ҳосили учун жами 4 минг 930 гектар аҳоли томорқасига пиёз ва саримсоқпиёз экилди. Сув таъминоти оғир бўлган қишлоқ ва овулларда 311 та кичик ҳажмдаги артезиан қудуғи қазилиб, кўрилган чоралар натижасида 582 тадан зиёд аҳоли хонадонининг 33 гектар томорқа ер майдонида икки марта ҳосил олиш имконияти яратилди.
Кенгаш ҳузуридаги жамғармадан 3 миллиард 642 миллион сўм ажратилиб, шундан 1 миллиард 168 миллион сўми – томорқа учун, 2 миллиард 474 миллион сўм – «Томорқа хизмати» корхоналари, қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва фермерларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилди. Бундан ташқари аҳоли томорқаларида 3919 та 1-1,5 сотихли ихчам иссиқхона қуриб берилди.
«Бир маҳалла – бир маҳсулот тамойили» асосида жорий йилда туманлардаги 131 та маҳалла фуқаролар йиғини хонадонларида муайян турдаги маҳсулот етиштиришга ихтисослаштириш, икки ва уч марта ҳосил олишни йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Тўрткўлдаги маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам ишлар авжида.
– Бу борада Андижон ва Фарғона вилоятлари уста деҳқон ва томорқа ер эгаларининг томорқадан самарали фойдаланишнинг намунали усуллари жорий этилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Қуўанишбой Нуримбетов. – Шу мақсадда Андижон вилоятининг Бўстон, Олтинкўл туманлари, Фарғона вилоятининг Олтиариқ, Қува, Риштон туманларидан 23 нафар тажрибали агроном, узумчилик, кўкатчилик, лимончилик, мевали дарахт, иссиқхона, помидор, бодринг ва сабзавотчилик йўналишидаги миришкор деҳқонлар таклиф этилди. Улар иштирокида ҳар бир туманда ўқув-семинари ташкил этилиб, мевали дарахтлар, экилган тўқсонбости экинларига агротехник ишлов бериш, иссиқхоналарда лимон ва бошқа кўчатларни етиштириш, кўкатчиликни ривожлантириш, маҳаллий шароитдан келиб чиқиб кам сув истеъмол қилувчи пакана ва ярим пакана мевали дарахтларни парваришлаш ва уларнинг экилиши бўйича маҳоратини намойиш этди.
Томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш мақсадида туманларнинг ҳар бир секторида биттадан намунали маҳалла ташкил қилиниб, уларда истиқомат қилувчи томорқа ер эгалари майдонида ихчам иссиқхона ташкил этилмоқда ва хонадонларида 15-20 бош товуқ, 10-15 бош курка, қўй-эчки боқилиб, йилига 2-3 марта ҳосил олиш йўлга қўйилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан график асосида намунали маҳаллалардаги томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланишнинг асосий вазифалари бўйича кўргазмали семинар ўтказиш белгилаб олинди.
[gallery-1706]
Қорақалпоғистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни талабларининг бажарилиши юзасидан бир қанча ишлар амалга оширилди. Жумладан, фермер хўжаликларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўтган 2020 йили судларга 9 миллиард 185 миллион сўмлик 186 та даъво ариза киритилиб, 1 миллиард 907,4 миллион сўмлик 90 та даъво ариза қаноатлантирилди. Жорий йилда Амударё туманида жойлашган “Amudaryo tex” МЧЖнинг жами 362 та фермер хўжалигига 24 миллиард 60 миллион 395 минг сўм тўланиши лозим бўлган Қорақалпоғистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан фермер хўжаликларининг манфаатларини кўзлаб 60 та фермер хўжалигининг 4 миллиард 31 миллион 512 минг сўмлик пул маблағи ва Амударё фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан 67 та фермер хўжалигининг 13 миллиард 60 миллион 465 минг сўмлик жами 127 та фермер хўжалигининг 17 миллиард 091 миллион 937 минг сўмлик пул маблағини ундириб олиш бўйича иқтисодий судларга даъво аризалар киритилиши таъминланди. Ҳозирда даъво аризалар тўлиқ қаноатлантирилди.
Шунингдек, Тахиатош туманида жойлашган “TAQIYATAS TEX” МЧЖнинг фермер хўжаликларига 2 миллиард 84 миллион 439 минг сўмлик қарзи мавжудлиги маълум бўлиб, Кенгаш томонидан ушбу қарздорликни ундириш бўйича иқтисодий судларга 26 та фермер хўжалигининг 2 миллиард 84 миллион 439 минг сўмлик оладиган қарздорлигини ундириш бўйича даъво ариза киритилиши таъминланди. Кенгаш ҳамда “TAQIYATAS TEX” МЧЖ томонидан фермер хўжаликларига 199 миллион 988 минг 962 сўмлик қарздорлиги тўлаб берилди. Ҳозирда даъво аризалар суд томонидан кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, Беруний туманида жойлашган “BERUNIY CLUSTER” МЧЖ, Тўрткўл туманидаги “Агро Тўрткўл текстил кластер” МЧЖ ва “BUSTON CLUSTER” МЧЖ томонидан фермер хўжаликлари билан ҳисоб-китоб ишлари тўлиқ амалга оширилган. Бошқа туманларидаги фермер хўжаликларининг пул маблағларини ундириш бўйича тегишли ишлар давом эттирилмоқда.
Қорақалпоғистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан ўтган йили 50 та қишлоқ хўжалиги фидойисига кўкрак нишони топширилди. Жумладан, 22 нафари “Илғор фермер”, 10 нафари “Меҳнаткаш деҳқон”, 18 нафари “Намунали томорқачи” кўкрак нишони билан тақдирланди.
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” муносабати билан “Ҳар бир ёшга-бир гектар” лойиҳаси доирасида барча туманларда фермерлар ўз ерларининг 10 фоизини ишсиз ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож ёшларга иккиламчи шартнома асосида бўлиб бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2020 йил 6 июлдаги топшириғига асосан аҳоли гавжум маҳаллаларда 145 та енгил конструкцияли "дала дўкони" ва кичик сиғимли музлатгич омбор қуриш бўйича ташаббускорлар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Бунинг учун жами 4 миллиард 140 миллион сўм маблағ йўналтириш режалаштирилган. Шундан бугунги кунда 92 енгил конструкцияли «дала дўкони» қурилиши якунланган бўлиб, бунинг учун 1 миллиард 560 миллион сўм сарфланди.
2021 йилда сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича қишлоқ хўжалиги экин майдонларида томчилатиб, ёмғирлатиб ҳамда дискрет усулида суғориш технологияларини жорий этиш бўйича фермер хўжаликлари ҳамда кластерлар билан 480 та шартнома имзоланган бўлиб, 22 минг 400 гектар ер майдонида томчилатиб суғориш технологиясини татбиқ этиш назарда тутилган. Ҳозирда 118 та шартнома асосида 2461 гектар ер майдонида қурилиш ишлари бошлаб юборилди.
Қорақалпоғистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июндаги «Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Амударё ва Бўзатов туманларида томорқа хизмати кластери ташкил этилмоқда. Ушбу кластерлар томорқа ер эгаларига асосан 12 йўналишда хизмат кўрсатади. Бу – кўчатчилик учун 0.5 га иссиқхона, томорқа ер эгалари етиштирган маҳсулотларни сақлаш, қайта ишлаш, озуқа ем ишлаб чиқариш, мева сабзавотларни қуритиш, минерал ўғитлар ва кўчат сотиш дўконлари, аҳолига хизмат кўрсатиш техника парки, инкубатор, сунъий қочириш, саралаш ва қадоқлаш пунктларидир.
Бугунги кунда Амударё томорқа хизмати кластерига юқоридаги ишларни амалга ошириш учун фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 2,5 миллиард сўм, Бўзатов томорқа кластерига 800 миллион сўм маблағ ажратилди. Ҳозирги вақтда Амударё томорқа кластерини ишга тушириш арафасида. 2021 йилга томорқа хизмати кластерини янада кўпайтириш мақсадида Нукус туманида “TOREMURAT BEST” TAMARQA XIZMETI” МЧЖ томорқачилик кластери ташкил этилмоқда. Бу бўйича “Йўл харита”си ишланиб, жамғарма томонидан 2,4 миллиард сўм маблағ ажратиш бўйича банк ҳужжатлари тайёрланмоқда. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 92 та дала дўкони қурилишига жамғарма томонидан 1,560 миллиард сўм ажратилди. Ҳозирги вақтда ҳар бир туманда 4 тадан намунавий маҳалла ташкил қилиниб, умумий 64 та маҳалладан 1280 та томорқа ер эгасига иссиқхона, чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, боғдорчилик ва ҳ.к билан шуғулланувчи талабгорларга жамғарма томонидан 3 миллиард сўм кредит маблағи ажратиш режалаштирилган.
Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА