Томорқа эгалари учун қулайлик
Президентимиз раҳнамолигида деҳқон хўжаликлари ва аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда, уларга қулай имкониятлар яратилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида деҳқон хўжаликлари ва аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда, уларга қулай имкониятлар яратилмоқда.«Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси ҳам бу борада муайян ишларни амалга оширмоқда. Компания Ўзбекистон суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари уюшмаси билан ҳамкорликда деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгаларига ажратиладиган кредитларнинг қайтмаслик хавфини суғурта қилиш мақсадида «Кредитни суғурталаш» суғурта маҳсулотини амалиётга татбиқ этди.
Деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари тижорат банкларидан кредит олаётганида уларда гаров таъминоти ёки кафиллик мавжуд бўлмаган ҳолларда ушбу суғурта маҳсулотидан фойдаланиш тавсия этилмоқда. Агар томорқа эгаси 10 миллион сўм сармоя олса, унинг 8 миллиони учун кредит қайтмаслик хавфидан суғурталаш бўйича «Ўзбекинвест» компанияси тижорат банкига суғурта полиси беради.
– Ушбу суғурта тури бўйича бир қатор суғурта компаниялари ўртасида суғурта шерикчилиги ташкил этилган, – дейди компаниянинг матбуот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов. – Суғурта шерикчилигига мувофиқ деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгаларига зарар етганда, улар тегишли ҳужжатларни лидер, яъни суғурта шартномаси тузган компанияга тақдим этади. Суғурта ҳодисаси тан олингандан сўнг беш календарь куни ичида суғурталовчи кўрсатган суғурта товони миқдори тўғрисида далолатнома тузилади. Сўнгра суғурта шерикчилиги бўйича унинг аъзоларига суғурта қопламасини тўлаш бўйича ахборот берилади. Суғурта қопламаси суғурта ҳодисаси тўғрисидаги далолатнома тузилгандан сўнг ўн кун ичида зарар кўрган тижорат банкига тўлаб берилади.
«Ўзбекинвест» компаниясида ҳозирга қадар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар фаолиятини, уларнинг мулк манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кўплаб суғурта маҳсулотлари ишлаб чиқилган. «Мева-сабзавот, қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини ташишни суғурталаш», «Музлатгич камерада сақланаётган мол-мулкни суғурталаш», қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини автотранспортда ташиш билан шуғулланувчи юридик шахсларни ҳимоялаш учун «Автоташувчиларнинг касб жавобгарлигини суғурталаш» каби суғурта маҳсулотлари шулар жумласидандир.
Компаниянинг молиявий барқарорлиги суғурта қопламаларини ўз вақтида тўлаш ва мижозларни суғурта ҳимояси билан таъминлашни самарали амалга ошириш имконини бермоқда.