“Тўмарис издошлари” спорт майдонида беллашди
Ёшлар, хусусан, қизларнинг спортга қизиқишини ошириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда иқтидорли спортчиларни кашф этиш мақсадида Гулистон давлат университетида Сирдарё вилояти олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Тўмарис издошлари” спорт мусобақаси юқори савияда ташкил этилди.
Тадбир ёш қизларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг жисмоний тайёргарлигини мустаҳкамлаш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этди. Мусобақа давомида иштирокчиларда нафақат спорт маҳорати, балки жамоавий ҳамжиҳатлик, интизом ва ирода ҳам синовдан ўтди.
Танлов ҳайъати таркибига пойтахтдан таклиф этилган профессор-ўқитувчилар ҳам киритилиб, баҳолаш жараёнлари 4 шарт асосида адолатли ва шаффоф тарзда олиб борилди. Қизғин ва муросасиз кечган беллашувларда талаба-қизлар ўз имкониятларини тўлиқ намоён этишга интилди.
[gallery-29080]
Якуний натижаларга кўра, Гулистон давлат педагогика институтининг “Массагет қизлари” жамоаси фахрли 1-ўринни эгаллаб, Республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Гулистон давлат университетининг “Тўмарис қизлари” жамоаси 2-ўринга муносиб кўрилди. 3-ўрин эса Тошкент кимё технологиялари институти Янгиер филиалининг “Қалқон” жамоасига насиб этди.
Ғолиб ва совриндор жамоалар ташкилотчилар томонидан дипломлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА