“Тўмарис авлодлари –2024” танлови ғолиблари
Бугунги кунда опа-сингилларимизнинг Ватан ҳимояси йўлида хизмат қилаётгани эътирофга лойиқ. Улар Ватанимиз сарҳадларини йигитлар билан бир сафда туриб қўриқламоқдалар.
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари тизимида фаолият юритаётган мана шундай ватанпарвар, фахрланса арзигулик опа-сингилларимиз Қувасой шаҳрида “Тўмарис авлодлари –2024” кўрик-танловининг саралаш босқичларида баҳс олиб борди.
Унда Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларидан келган хотин-қизлар иштирок этди. 6 шартдан иборат танлов чегара соҳасида хизмат қилаётган истеъдодли, зукко, ҳарбий тайёргарлиги юқори бўлган хотин-қизларни аниқлашга қаратилди. Унда аёлларнинг нафақат ақлий салоҳияти, балки жисмоний эпчилликлари ҳам синовдан ўтказилди. Танловда муқаддас Ватанимизни шарафловчи турли шеърлар айтилди, қўшиқлар куйланди, жиноятчиликка қарши курашишга ундовчи саҳна кўринишлари намойиш этилди.
[gallery-15714]
Биламизки, ДХХ Чегара қўшинларида хизмат қилиш учун жисмонан бақувват, ақлан зийрак ҳамда чуқур билим эгаси бўлиш лозим. Айнан ҳарбий хизматчи аёлларнинг мазкур шарт бўйича ҳам билимлари синаб кўрилди. Савол-жавоб йўналишида ўтган шартда иштирокчиларга ҳарбий, тарихий, сиёсий ҳамда географик йўналишларга оид саволлар берилди. 4 та шартдан намунали ўтган иштирокчилар пазандачилик йўналишида ҳам маҳоратини кўрсатди.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан синовлар 10 баллик мезон асосида баҳолаб борилди. Натижаларга кўра, иштирокчилар орасидан ,,Тўмарис авлодлари –2024” кўрик- танловининг саралаш босқичида 3-ўринни Андижон вилояти вакили қўлга киритган бўлса, 2-ўрин Сўх туманидан келган иштирокчига насиб этди. Фахрли 1-ўринни Фарғона вилоятидаги ҳарбий қисмда хизмат қилаётган Мафтуна Ашуралиева эгаллади.
Мазкур танлов ғолибаси пойтахтимизда бўлиб ўтадиган Республика босқичида водий шаънини ҳимоя қилади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА мухбири