Тўлов маданияти қачон юксалади?
Мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқларида бир йилда ўртача 56–57 миллиард м3 миқдорида сувдан фойдаланилади. 2,2 миллиард м3 ичимлик сув ишлаб чиқариш мақсадларига сарфланади.
“Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан истеъмолчиларнинг тўлов маданиятини шакллантириш ва соҳани интеграция қилиш жараёнларига бағишлаб ўтказилган тадбирда шу ҳақида сўз борди.
Таъкидланишича, “Ўзсувтаъминот” АЖ тизимидаги корхоналар томонидан 2022 йилда 1 миллион 728 минг м3 ёки ўртача кунига 4 734 минг м3 ичимлик сув ишлаб чиқилган. Ушбу ҳажмлар 2021 йилда – 1 628 млн м3, 2020 йилда – 1 608 млн м3, 2019 йилда – 1 588 млн м3, 2018 йилда – 1 553 млн м3 ташкил этган. 2017-2023 йилларда жами 5 870 та объектда қурилиш ишлари олиб борилган. 31 837,5 километр ичимлик ва оқова сув тармоқлари қурилиб, реконструкция қилинган. Ушбу ишлар натижасида 11,8 миллион аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланиб, 6,6 миллион аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланган.
[gallery-13603]
Республика аҳолисини 2030 йилда ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 90 фоизга етказиш борасида ҳудудлар кесимида лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилмоқда. Бунда, нафақат янги иншоотлар қурилади, балки эски иншоотлар ҳам қайта тикланади. Жумладан, 2023-2030 йилларда республика бўйича қарийб 50 минг километрдан зиёд ичимлик сув тармоқлари ҳамда 2 минг дона иншоотларнинг қурилиши ва реконструкция қилиниши режалаштирилмоқда.
Марказлашган ичимлик сувининг таннархи билан ўрнатилган тарифлар орасида тафовут қандай?
Президентининг 2020 йил 25 сентябрдаги фармонига асосан ичимлик ва оқова сув хизматлари учун тарифлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорлари билан тасдиқланади. Тарифлар ҳудудларнинг географик жойлашуви, сув манбаларидан аҳоли пунктларигача бўлган масофа, электр энергияси сарфи, сув манбаларининг лойқа-тиниқлиги, чучук ва шўрлиги, қаттиқлик даражасига қараб қайта ишлаш ва бошқа харажатлардан келиб чиққан ҳолда ҳудудлар кесимида турлича белгиланади.
Маълумот сифатида, республикада 1 м3 ичимлик сувининг энг арзон нархи Тошкент шаҳрида 400 сўмни, энг баланд нархи Навоий вилоятида 3 000 сўмни ташкил этади. Бугунги кунда 1 м3 ичимлик сувини ишлаб чиқариш ўртача таннархи 1 681 сўмни ташкил этади.
Мисол учун:
• Қорақалпоғистонда ичимлик суви нархи ишлаб чиқариш таннархига нисбатан 1,7 баробарга кам (сув нархи – 1 850 сўм, ишлаб чиқариш таннархи – 3 221 сўм);
• Сирдарё вилоятида ичимлик сув нархи ишлаб чиқариш таннархига нисбатан 1,9 баробарга кам (сув нархи – 1 250 сўм, ишлаб чиқариш таннархи – 2 374 сўм);
Маълумот сифатида, 1 метр куб ичимлик сув тариф харажатларида электр энергия харажатлари 27 фоизни, мукаммал ва жорий таъмирлаш харажатлари 19 фоизни, хорижий молия ташкилотларининг жалб этилган кредитларини қайтариш харажатлари 21 фоизни, иш ҳақи харажатлари 29 фоизни, амортизация ва бошқа харажатлари 4 фоизни ташкил этади.
– Бугунги кунда сув таъминоти корхоналари томонидан 4,6 миллион истеъмолчига хизмат кўрсатиб келинмоқда, – деди “Ўзсувтаъминот” АЖ бўлим бошлиғи Шаҳбоз Сарманов. – Истеъмолчиларнинг 2,5 миллион ёки 55 фоизида кўрсатилган хизматлар бўйича қарздорлик мавжуд. Қайд этиш ўринлики Республика бўйича жами истеъмолчиларнинг ичимлик ва оқова сув хизматларидан дебитор қарздорлиги 1 триллион 400 миллиард сўмга яқинлашмоқда. Бугунги кунда юқори қарздорликка эга истеъмолчилар билан ишлаш тизими йўлга қўйилган бўлиб, уларга огоҳлантириш хатлари юборилган ҳолда тармоқдан узишгача бўлган чоралар кўрилмоқда.
Нилуфар Бозорова,
Ойбек Пардаев (сурат) ЎзА