Тоғли Қорабоғда ҳаёт қайнайди
Озарбайжон Республикаси ҳукумати таклифига биноан, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар оммавий ахборот воситаларининг бир гуруҳ вакиллари 28 август – 3 сентябрь кунлари ушбу мамлакатда хизмат сафарида бўлди. ЎзА мухбирининг мақоласида ушбу сафар таассуротлари ҳақида ҳикоя қилинади.
2020 йил кузида Озарбайжон қуролли кучларининг Тоғли Қорабоғда ҳудудларни озод қилиш йўлида олиб борган жанговар ҳаракатлари уруш бошлангандан орадан 44 кун ўтиб, Россия воситачилигида Озарбайжон ва Арманистон ўртасида ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишув имзолангандан сўнг якунига етди. Қарийб 30 йилдан буён совуқ сукунат ичида қолиб келаётган Тоғли Қорабоғ, Жаброил, Гадрут, Фузулий, Зангелан, Кубатли туманлари ва қатор қишлоқлар озод қилинди.

Ушбу воқеаларга ҳам қарийб бир йил бўляпти. Аммо уруш жароҳатларининг битиши қийин. Бунинг учун кўп йиллар керак бўлади. Озод қилинган ҳудудлар чорак аср давомида қай аҳволга келтирилгани, урушнинг вайронкор излари, аччиқ тақдирлар, барбод бўлган орзулар, қадрдон уйларини ташлаб кетган инсонлар ҳаёти, уларнинг ўз ватанларига қайтишдек азобли соғинчлари... Бу даҳшатларни ҳамма кўриши, билиши, ўзлари учун тегишли сабоқ чиқариши керак.

Озарбайжон ҳукумати томонидан Туркий кенгашга аъзо мамлакатлар журналистлари учун уюштирилган пресс-турдан кўзланган мақсад ҳам шу – Тоғли Қорабоғдаги уруш даҳшатларидан дунё аҳлини хабардор қилиш, журналистларга ушбу муҳораба ҳақидаги ҳақиқатларни етказиш.

Озарбайжон ташаббуси билан шу кунгача кўплаб мамлакатлардан мингдан ортиқ журналистлар учун пресс-турлар ташкил қилинган экан. Бу гал Туркий кенгашга аъзо Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркия, Қирғизистон, Озарбайжон ҳамда кузатувчи мақомидаги Венгрия оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф қилинди. Кейинроқ Болқон мамлакатларидан ҳам журналистлар келиб қўшилди.

Пресс-турнинг биринчи куни маданий тадбирларга бағишланди. Боку шаҳрининг диққатга сазовор жойларини томоша қилдик. Жумладан, Озарбайжон гиламчилик ва нафис санъат музейларида маданий осори атиқалар билан танишдик. Озарбайжон нафис санъат музейида озар халқининг ўтмиши ва замонавий санъатига оид нодир ашёлар: тасвирий санъат, кулолчилик, ҳунармандчилик, темирчилик, ҳайкалтарошлик ва қўл меҳнатига доир бошқа асарлар сақланар экан. Музейдан Франция, Испания, Италия, Нидерландия, Россия ва бошқа давлатлар ижод аҳли яратган санъат намуналари ҳам ўрин олган.

Шу куни Халқаро алоқалар таҳлилий марказида Озарбайжон Республикаси Президентининг ёрдамчиси – ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Ҳикмат Ҳожиев билан учрашув ўтказилди. Учрашувда туркий тилли давлатлар ўртасидаги алоқалар, жумладан, оммавий ахборот воситаларининг ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳикмат Ҳожиев журналистларга пресс-турдан кўзланган мақсад ҳақида сўзлаб берди ва журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

Пресс-турнинг иккинчи куни Озарбайжон қуролли кучларининг Арманистон босиб олган ерларни озод қилиш учун жанг олиб борган ҳудудларни бориб кўрдик. Журналистлар ўтирган бешта автобусда Жаброил шаҳрига элтувчи паст-баланд йўллардан кетиб борарканмиз, ҳар қадамда урушнинг даҳшатли изларига кўзимиз тушади. Жаброил шаҳрида жанглар қаттиқ кечгани ҳар қадамда кўриниб турибди.

Вайрон бўлган уйлар, қуриб қолган узумзорлар, инсон қўли билан экилган ва узоқ вақт парвариш кўрмаган мевали боғлар, қаровсиз қабристонлар уруш даҳшатидан сўзлайди. Ҳа, бу ерларда бир вақтлар ҳаёт қайнаган. Ҳозир эса, йўл ёқаларида ёниб кетган танклар, снаряд парчалари, улар ҳосил қилган чуқурлар уруш одамзотга мислсиз кулфат келтиришини эслатиб турибди. Йўл ёқаларида “эҳтиёт бўлинг, мина бор” деган ёзувларга кўзингиз тушади. Уларни зарарсизлантириш учун махсус гуруҳлар кечаю кундуз иш олиб бормоқда. Буларни кузатиб, тинчлик одамзот учун қанчалар буюк неъмат эканига ишонч ҳосил қиласиз ва уни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиз эканини англайсиз.

Куннинг иккинчи ярмида Тоғли Қорабоғ юраги бўлмиш Шуша шаҳрига қараб йўл олдик. Шуша мазкур минтақанинг энг баланд нуқтасида жойлашган бўлиб, Озарбайжоннинг қадимий маданий пойтахти ҳисобланади. Жумладан, Озарбайжон мақом санъатининг келиб чиқиши шу ер билан боғлиқ. Бу заминда буюк санъаткорлар, шоирлар, олимлар ва давлат арбоблари етишиб чиққан.

Шуша денгиз сатҳидан 1368 метр баландликда жойлашгани учун ҳарбий стратегик шаҳар ҳисобланар экан. Афсуски, урушнинг даҳшатли манзаралари бу ерда ҳам ҳар қадамда кўзга ташланади. Кўп қаватли уйлар, мактаб ва масжидлар кимсасиз ҳувиллаб ётибди. Фақат аскарлар, муҳандис, қурувчилар бу ерда ҳаёт қайта изга тушаётганидан дарак беради. Улар шаҳарни қайта тикламоқда, кўчаларга ҳаёт қайтмоқда.
Пресс-тур иштирокчилари шаҳардаги шоир ва давлат арбоби Вақиф мақбарасини зиёрат қилдик. Уруш даврида вайронага айланган мақбара биноси шаҳар озод этилгандан сўнг қайта таъмирланиб, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев томонидан очилган экан.
Озарбайжоннинг нуфузи жиҳатидан иккинчи йирик шаҳри ҳисобланган Ганжа шаҳрига оқшом чоғи етиб келдик. Бу шаҳарда озар халқининг буюк мутафаккири, инсониятга, адабиёт оламига “Хамса”дек бебаҳо асар туҳфа этган Низомий Ганжавий яшаб ўтган. Шаҳарнинг тор кўчалари, шоир яшаб ўтган даврларга мансуб тарихий қиёфаси ҳали ҳам унинг бой ўтмишидан сўзлайди. Шу билан бирга, баланд қаватли турар жойлар, маъмурий бинолар, равон йўллар, сўлим боғ-роғлар, хиёбонлар, савдо дўконлари ушбу шаҳар давр билан ҳамоҳанг яшаётганидан дарак беради.
Ганжа шаҳри чегарадан анча узоқда, 250-300 километр ичкарида жойлашган. Бу ерда уруш бўлмаган. Шунга қарамай, ҳаёт бир маромда кечаётган ушбу тинч-осуда шаҳар аҳли ҳам уруш талафотларидан бебаҳра қолмаган. Тоғли Қорабоғ можаросида Ганжа шаҳрига саккизта ракета учирилган экан. Биз, журналистлар ушбу ракеталардан бири келиб тушган жойни бориб кўрдик. Қанотли ажал истироҳат боғларидан бири чеккасига, одамлар яшаётган уйлар устига тушган. Портлаш зарбидан яқин атрофда бирорта уй омон қолмаган, 30 га яқин киши қурбон бўлган. Уларнинг суратлари махсус тахтачага осиб қўйилган. Бутун бошли оилалар бир кечада қурбон бўлган... Мудҳиш кулфат шаҳар аҳлини гангитиб ташлагани шундай намоён бўлади.
Озарбайжон – Арманистон ўртасида кечган биринчи урушда озарбайжонликлар Тоғли Қорабоғдан ташқари яна бир нечта туманни ҳам тарк этишга мажбур бўлган экан. Улардан бири – Ағдам шаҳри.
1990-йилларда Ағдам 30 минг аҳоли яшайдиган шаҳар бўлган. 1993 йилги қақшатқич жанглардан сўнг у арманлар назоратига ўтган. 2020 йилги жангларда Озарбайжон ушбу шаҳарни яна қайтариб олган.
Ривоятларга кўра, Ағдам шаҳри хони яшаган уйнинг томи узоқдан оппоқ бўлиб кўрингани боис, унга Ағдам, яъни Оқ том деб ном берилган экан. Уруш туфайли аҳоли шаҳарни ёппасига тарк этишга мажбур бўлган. Шаҳар Кавказнинг Хиросимаси, деб ҳам аталаркан. Чунки бу ерда бирорта ҳам омон қолган иморат йўқ. Вайроналар энди чакалакзорга айланган. Анор ва анжирзорлар тарвақайлаб, ёввойи ҳолга келиб қолган.
Шаҳар чеккасидаги текисликларда қурилган ҳарбий истеҳкомлар, тиканли симлар, хандақлар, ертўлалар, зирҳли техникаларни тўхтатиб қолишга мўлжалланган бетон тўсиқлар бир пайтлар бу ерларда уруш бўлганидан гувоҳлик беради. Озарбайжон ҳукумати вайронага айланган ҳудудларни қайта тиклаш, уруш туфайли бу ерларни ташлаб кетишга мажбур бўлган аҳолини қайтариш учун бунёдкорлик ишларини олиб бормоқда. Қудратли техникалар тепаликларни кесиб, янги асфальт йўл ётқизмоқда, электр узатиш линиялари тикланмоқда.
– Ҳадемай, бу ерларда инфратузилма қайта тикланади, уйлар, мактаблар, шифохоналар, маданият муаассасалари қад ростлайди. Бунинг учун молиявий ресурслар етарли, энг муҳими халқимизнинг иродаси мустаҳкам. Қолаверса, қийин дамларда қардош ва дўст мамлакатлар халқимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб тургани бизга куч бағишлайди, – дейди озарбайжонлик ҳамкасбларимиз.
Ҳа, озарбайжон халқи астойдил истаганидек, ҳадемай Тоғли Қорабоғда ҳаёт қайнайди. У ўзининг қадимий шуҳратига мос сўлим ва баҳаво, одамлар бир кўришни орзу қиладиган масканга айланади. Биз, журналистлар ана шундай таассуротлар билан сафаримизни якунладик.
...Бокудан Тошкентга рейс бўлмагани учун Истанбул орқали учдик. Истанбул аэропорти дунёдаги энг йирик ҳаво бандаргоҳларидан ҳисобланади. Аэропортнинг у чеккасидан бу чеккасигача яёв бориш учун анчагина вақт сарфлашга тўғри келади. Бу ерда турли мамлакатлардан келган йўловчилар ўз манзили томон шошади. Улар турфа тилларда сўзлашади, бир-бирларига эсон-омонлик тилайди. Бундай мулоқот фақат тинч мамлакатларда кузатилади. Бу манзарага қараб туриб, ҳазрат Алишер Навоийнинг қуйидаги байти хаёлга келади:
Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш.
Саидмурод РАҲИМОВ,
ЎзА махсус мухбири
Боку – Тошкент.