Тоғлар қўйнида - “Мафтункор ранглар жилоси” (+видео)
2018 йилдан буён республикамиз бўйлаб “Биз биргамиз” ижтимоий лойиҳаси амалга оширилиб келинмоқда. Жорий йилдан мазкур танловнинг туман-шаҳар босқичларида минг нафардан зиёд ногиронлиги бор инсонлар иштирок этди. Куни кеча якуний республика босқичи Бўстонлиқ туманида юқори даражада ташкил этилди.
Ҳар бир инсоннинг ўзига хос қобилияти бўлади. “Биз биргамиз” ижтимоий лойиҳаси айнан имконияти чекланган инсонларнинг чексиз истеъдодларини кўрсатиб беришни мақсад қилган. Бўстонлиқ туманининг пурвиқор тоғлари, Угам дарёси сувларининг сеҳрли жилоси, она табиатнинг гўзаллик инъоми – буларнинг барчаси инсонга ўзгача рағбат, руҳий озуқа ва ижодий муҳит ҳосил қилади.
Иштирокчилар ана шу муҳитда расмлар чизиб, ўз таассуротларини ифода этадилар. Мақсад бу орқали ўсиб келаётган авлоднинг ижодий ва ақлий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда ногиронлиги бор болаларнинг жамият томонидан қўллаб-қувватланиши ва эътиборини ҳис қилишлари учун шароит яратишдан иборатдир. Ушбу танлов болаларга ўз кучига ишониш ва келажакка бўлган ишончни мустаҳкамлашга ҳам ёрдам беради.
Мазкур хайрия акциясини Адлия вазирлиги, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Мираброр Усмонов номидаги халқаро жамоатчилик хайрия фонди ҳамкорликда ташкил этди. Унда 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган ногиронлиги бор болалар расм чизиш ва шахмат мусобақасида ўз маҳоратларини синаб кўришди.
Танлов доирасида ногиронлиги бўлган болалар томонидан яратилган санъат асарларининг кўргазмаси ҳам ташкил қилинди. Ушбу кўрикларда республикамизнинг 14 та ҳудудидан 28 нафар истеъдодли ёшлар ўзаро беллашади. Албатта, бу ерда мағлуб бўлмайди. Минглаб ёшлар орасидан шу манзилгача етиб келдими, демак бу инсон истеъдод ва қобилият эгаси ва у ғолибдир.
Мазкур лойиҳа нафақат болаларнинг ижодий салоҳиятини намоён этишга, балки жамиятда инклюзивлик ва тенг имкониятлар муҳитини шакллантиришга хизмат қилади. Тадбир сўнгида барча иштирокчиларга ҳомийларнинг қимматбаҳо совғалари топширилди.
<iframe width="650" height="420"src="https://www.youtube.com/embed/r0I9WYPAdNY"
title="YouTube video player"frameborder="0"allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share"allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов (видео), ЎзА