Тоғ-кон соҳасида янги ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди
Мамлакатимизда тоғ-кон саноати ва геология соҳасини замонавий технологиялар асосида ривожлантириш, минерал ресурсларни чуқур ўрганиш ва хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция ва илғор тажрибани жалб этиш соҳанинг янги имкониятларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Мазкур йўналишда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Нидерландия компаниялари билан тоғ-кон ва минерал ресурслар соҳасида янги алоқаларни йўлга қўйиш масалалари долзарб аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги раҳбарияти, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар ҳамда “WMC Group” компанияси вакиллари ўртасида ўтказилган учрашувда шу масалалар юзасидан фикр алмашилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида тоғ-кон саноати ва геология соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Хусусан, Нидерландиянинг мамлакатимиз тоғ-кон ва минерал ресурслар соҳасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув давомида “WMC Group” вакиллари компаниянинг Ўзбекистондаги фаолияти, амалга ошираётган ишлари ва мамлакатдаги лойиҳалари ҳақида тақдимот ўтказди.
Томонлар янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Учрашув якунида келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА