Тоғ-кон саноатида стратегик ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди
Тоғ-кон саноати ва геология соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илғор технологияларни жорий этиш ҳамда минерал ресурсларни самарали қайта ишлашни ривожлантиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги раҳбарияти “Germ Gold” компанияси вакиллари билан ўтказган учрашувда бу хусусида тўхталиб ўтилди.
Учрашувда томонлар ўз фаолият йўналишлари ва соҳадаги тажрибалари ҳақида ўзаро маълумот алмашди. Шундан сўнг амалий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниб, икки томон учун манфаатли бўлган йўналишлар кўриб чиқилди.
Таъкидланишича, Туркиянинг “Germ Gold” компанияси кончилик соҳасида фаолият юритувчи хорижий корхона бўлиб, у минерал ресурсларни қазиб олиш ва қайта ишлаш жараёнларини замонавий технологиялар асосида ташкил этиш, шунингдек, қўшимча қиймат занжирини шакллантириш йўналишларида тажрибага эга ҳисобланади.
Шунингдек, мулоқот давомида хомашё таъминоти тизимини такомиллаштириш, минерал ресурсларни қайта ишлаш самарадорлигини ошириш, қўшимча қиймат занжирини кенгайтириш ҳамда соҳада илғор технологияларни жорий этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида тоғ-кон саноатида стратегик ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА