Т.Норбоева: Одам савдосига қарши курашда янги жабрланувчиларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик керак
Олий Мажлис Сенатида 30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш кунига бағишланган “Ўзгариб бораётган дунёда одам савдосига қарши курашиш: профилактика, ҳимоя ва ҳамкорлик” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия ҳамда Халқаро миграция ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур нуфузли анжуманда давлат органлари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг ваколатли вакиллари иштирок этди.
Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия раиси Танзила Норбоева янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий адолатни қарор топтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
– Одам савдосига қарши курашиш фақат жиноятчиликка қарши курашиш масаласи эмас, балки инсон ҳуқуқлари, меҳнат муносабатлари, миграция, рақамли технологиялар, ижтимоий ҳимоя ва барқарор тараққиёт билан чамбарчас боғлиқ бўлган глобал муаммо, – деди Т.Норбоева. – Шу боис унга қарши курашиш комплекс, тизимли ва ҳамкорликка асосланган ёндашувни талаб этади. Одам савдосига қарши курашдаги энг катта ютуқ – жабрланганларни қутқариш эмас, балки янги жабрланувчиларнинг пайдо бўлишига йўл қўймасликдир.

Шу нуқтаи назардан профилактик ёндашувларни кенгайтириш, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш зарур. Аҳолининг, айниқса, ёшлар ва меҳнат мигрантларининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш одам савдосининг олдини олишнинг энг самарали воситаларидан бири.
Жорий йилда Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни «Фирибгарлик тузоғида қолганлар» глобал мавзусига бағишланди. Бу рақамли маконда инсонларни эксплуатация қилиш хавфининг ортиб бораётгани, айниқса, меҳнат мигрантлари, ёшлар ва иш изловчиларни ҳимоя қилишга қаратилган таъсирчан механизмларни янада ривожлантириш зарурлигини тақозо қилади.
Конференция одам савдосига қарши курашиш соҳасида эришилган натижаларни таҳлил қилиш, замонавий таҳдидларни ҳар томонлама баҳолаш, профилактика ва ҳимоя механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, миллий, минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилашга хизмат қилувчи муҳим мулоқот майдонига айланди.

Халқаро миграция ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Эндрю Грей таъкидлаганидек, одам савдоси тез суръатлар билан ўзгармоқда. Жиноий тармоқлар рақамли технологиялардан тобора фаол фойдаланмоқда, уларнинг трансмиллий хусусияти ва мураккаблиги ортиб бормоқда. Шунинг учун давлатлар фақат жиноятни тергов қилиш ёки жабрланганларни ҳимоя қилиш билан чекланмасдан, эксплуатация содир бўлишидан аввал унинг олдини олишга қаратилган самарали ва тизимли чораларни амалга ошириши лозим.
Ўзбекистон Президентининг «Одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш ва уларни жамиятга интеграция қилиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ушбу соҳада муҳим қадам бўлгани анжуманда эътироф этилди. Мазкур ҳужжат одам савдосидан жабрланганларни эрта аниқлаш, уларнинг эҳтиёжларини баҳолаш, ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий хизматларни ягона тизим асосида ташкил этиш ҳамда уларнинг жамиятга муваффақиятли реинтеграциясини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.

Конференция доирасида ўтказилган учта тематик сессияда рақамли таҳдидлар ва эксплуатациянинг янги шаклларининг олдини олиш, жабрланганларни эрта аниқлаш, идентификация қилиш ва ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, реабилитация ва қайта йўналтириш тизимини ривожлантириш, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Муҳокамаларда одам савдосига қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар зиммасидаги вазифа эмаслиги, балки профилактика, меҳнат, миграция, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида ўзаро мувофиқлаштирилган сиёсатни талаб этадиган кўп қиррали вазифа эканига урғу берилди.
Анжуман якунида одам савдосининг олдини олиш, жабрланганларни ҳимоя қилиш ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг устувор йўналишларини белгилаб берувчи коммюнике қабул қилинди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА