Тинчлик посбонлари шахматда беллашди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қорақалпоқ академик лицейида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар органлари ходимлари ўртасида шахмат бўйича мусобақа бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги «Cоғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш ҳамда шахсий таркиб ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ходимларнинг жисмоний тайёргарлигини янада ошириш, спорт турларини оммалаштириш мақсадида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу муносабат билан ўтказилган мусобақада ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, патруль-пост, йўл-патруль ва пробация бўлимларидан 16 нафар ходим иштирок этди. Мусобақа якунига кўра биринчи ўринни вазирлик Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасидан сафдор Султан Уразимбетов, иккинчи ўринни Тахтакўпир тумани Ички ишлар бўлими бошлиғининг ўринбосари майор Рустем Инятов, учинчи ўринни Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасидан майор Айбек Бекманов эгаллади.
Мусобақа ғолибларини Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник И.Аҳмедов қутлаб, уларга диплом ва эсдалик совғаларини топширди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА