Тинчлик, меҳр, саховат ва яхшиликни улуғлаган таълимот
Бухорода буюк маънавий мерос — Нақшбандия таълимотининг тинчлик, бағрикенглик ва ўзаро англашув ғояларини тарғиб этишга бағишланган халқаро илмий мулоқот бўлиб ўтди.
Инсон цивилизацияси тараққиётига назар ташласак, халқларни асрлар оша бирлаштириб келаётган энг буюк қадриятлар — тинчлик, эзгулик, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат эканини англаймиз. Дунёда турли қарашлар, маданиятлар ва эътиқодлар мавжуд бир шароитда инсонларни бир-бирига яқинлаштириш, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Ана шундай эзгу мақсадлар Бухоро давлат техника университетида ўтказилган “Нақшбандийлик анъанаси: Исломда тинчлик, бағрикенглик ва ўзаро англашувни ривожлантиришдаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий конференцияда яна бир бор яққол намоён бўлди. Зеро, Бухоро — нафақат тарих ва меъморчилик, балки бутун инсоният маънавий тафаккури тараққиётига улкан ҳисса қўшган алломалар юрти. Бу заминда шаклланган маънавий мерос бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Аксинча, дунёда тинчлик ва тотувликка эҳтиёж тобора ортиб бораётган бугунги мураккаб даврда уни чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш долзарб аҳамият касб этмоқда.


Халқаро анжуман Қуръони карим тиловати ҳамда юртимиз ва бутун дунёда тинчлик-осойишталик ҳукм суриши, инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик барқарор бўлиши учун қилинган эзгу дуолар билан бошланди.
Бу манзаранинг ўзиёқ анжуман моҳиятини ифода этди. Зеро, Нақшбандия таълимотининг негизида инсон қалбини поклаш, эзгуликка интилиш, ҳалол меҳнат қилиш, жамиятга наф келтириш, одамлар ўртасида меҳр-оқибат ва ҳурматни қарор топтириш каби юксак маънавий ғоялар мужассам.
Тадбирда Ўзбекистон билан бир қаторда Малайзия, Замбия, Миср, АҚШ, Индонезия, Покистон каби мамлакатлардан ташриф буюрган таниқли олимлар, исломшунос ва тадқиқотчилар иштирок этишди.
Анжуманнинг очилиш қисмида Баҳовуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази директори Азизхўжа Иноятов, малайзиялик исломшунос олим Шайх Абдул Карим бин Саид Хадаид ҳамда Бухоро давлат техника университети ректори Садоқат Сиддиқова сўзга чиқиб, конференциянинг илмий ва маънавий аҳамияти хусусида фикр билдиришди. Шунингдек, конференцияда Нақшбандия таълимотининг ислом маънавиятидаги ўрни, унинг тинчлик ва бағрикенгликни қарор топтиришдаги аҳамияти, ёш авлод тарбиясидаги маънавий-ахлоқий қирралари, жамиятда ўзаро англашув ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.


Айни жиҳат эътиборга молик: Нақшбандия анъанаси фақат тарихий мерос сифатида эмас, балки бугунги инсон ва жамият учун ҳам муҳим маънавий сабоқларни мужассам этган таълимот сифатида намоён бўлди.ё
“Дил ба ёр, даст ба кор” — яъни қалб Аллоҳда, қўл меҳнатда, деган тамойил инсонни дунёдан узилишга эмас, балки жамият ҳаётида фаол иштирок этишга, ҳалол меҳнат қилишга, ўз вазифасини сидқидилдан бажаришга ундайди. Бу ғоя бугунги кунда ҳам меҳнатсеварлик, масъулият, ҳалоллик ва жамият олдидаги бурч каби қадриятлар билан уйғунлашади.
Шу боис Нақшбандия таълимотини ўрганиш — фақат ўтмишни англаш эмас. Бу, аввало, бугунги авлоднинг маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш, ёшларни турли ёт ғоялардан асраш, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат муҳитини кучайтиришга хизмат қиладиган муҳим маърифий йўналишдир.
Ўзбекистонда кейинги йилларда буюк аждодларимиз қолдирган илмий-маънавий меросни чуқур ўрганиш, уни халқаро миқёсда тарғиб қилиш ва ёш авлод онгига етказишга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.
Давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда ислом цивилизацияси, буюк алломаларимиз илмий ва маънавий меросини ўрганиш, уларнинг инсоният тараққиётига қўшган ҳиссасини жаҳон жамоатчилигига кенг етказиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива каби қадимий шаҳарларимиздаги илмий-маърифий марказлар фаолиятининг кучайтирилаётгани ҳам ана шу эзгу мақсаднинг амалий ифодасидир.
Айниқса, Бухоронинг Нақшбандия таълимоти билан боғлиқ бой меросини халқаро илмий майдонга олиб чиқиш бугунги Ўзбекистоннинг маърифий ва маданий дипломатиясида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугун дунё олимларининг Бухорода бир давра атрофида жам бўлиши ҳам ана шу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир.


Халқаро конференцияда билдирилган фикрлар, илмий маърузалар ва мулоҳазалар турли мамлакатлар ва илмий мактаблар ўртасида тажриба алмашиш учун муҳим майдон яратди.
Малайзиядан келган олим билан Ўзбекистонлик тадқиқотчи, Миср ёки Покистон вакили билан Индонезиялик мутахассиснинг бир мавзу атрофида фикр алмашиши — илм-фан чегара билмаслигининг яна бир исботи бўлди. Зеро, илм одамларни ажратиш учун эмас, бирлаштириш учун хизмат қилади.
Нақшбандия таълимотининг ҳам моҳиятида инсонни инсонга яқинлаштириш, қалбларни эзгуликка чорлаш, адоват ўрнига меҳрни, бефарқлик ўрнига ҳамжиҳатликни қарор топтириш ғояси мужассам. Шу маънода, Бухородаги мазкур анжуманни оддий илмий тадбир доирасига сиғдириб бўлмайди. У турли маданият ва илмий мактаблар вакилларини бирлаштирган, маънавий меросни бугунги кун эҳтиёжлари билан боғлаган ўзига хос халқаро мулоқот майдони бўлди.
Бугун дунёда тинчлик ва барқарорликнинг қадри тобора ортиб бораётган бир пайтда Бухорода янграган Нақшбандия таълимотига оид фикрлар янада чуқур маъно касб этади.


Зеро, тарих бизга бир ҳақиқатни қайта-қайта эслатади: тараққиёт фақат иқтисодий бойлик ёки замонавий технологиялар билан эмас, аввало, инсоннинг маънавий камолоти билан ўлчанади. Инсон қалбида эзгулик устувор бўлса, оилада меҳр, маҳаллада тотувлик, жамиятда барқарорлик қарор топади. Жамиятда ўзаро ҳурмат ва англашув бўлса, тараққиёт учун мустаҳкам замин яратилади. Шу маънода, Нақшбандия мероси бизга асрлар қаъридан туриб бугун ҳам мурожаат қилаётгандек: қалбни покла, меҳнат қил, инсонга яхшилик қил, тинчликни асра.
Бухорода ўтказилган халқаро илмий конференциянинг энг катта аҳамияти ҳам шунда — у буюк аждодларимизнинг маънавий меросини музейларда қолиб кетадиган тарих эмас, балки бугунги ва эртанги авлод учун ҳаётий аҳамиятга эга маънавий хазина сифатида намоён этди. Балки шунинг учун ҳам бу анжуман залларида айтилган ҳар бир фикр, янграган ҳар бир мулоҳаза ва билдирилган ҳар бир эзгу тилакнинг моҳияти бир нуқтада туташди: тинчликни асраш — инсон қалбидан бошланади. Ва бу ҳақиқатни Бухородек муқаддас заминда яна бир бор дунёга эслатишнинг ўзи катта маънавий аҳамиятга эга.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири