Тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғоялари илгари сурилди
Самарқандда юртимизда илк бор ташкил этилган “I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” халқаро форумининг якуний ялпи мажлиси ўтказилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухаликов 7-11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказилган форум нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами илмий-маърифий ҳаётида муҳим воқеа бўлганини таъкидлади.


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Имом Мотурудий, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳамда Ислом олами таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ICESCO ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирларда 50 га яқин мамлакатдан 300 га яқин хорижий меҳмонлар иштирок этди. Жумладан, қатнашчилар орасида халқаро ташкилотлар раҳбарлари, давлат ва жамоат арбоблари, вазирлар, муфтийлар, академиклар, машҳур исломшунос олимлар, қўлёзмашунослар, музей ва кутубхоналар масъуллар бор эди. Бу эса анжуманнинг ҳақиқий халқаро мулоқот ва академик ҳамкорлик майдонига айланганидан далолат беради. Шу билан бирга Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси мамлакатимизнинг тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини халқаро миқёсда илгари суришдаги фаол ўрнини яна бир бор тасдиқлади.
I Халқаро ислом цивилизацияси форуми давомида 4 та халқаро конференция, 10 та ялпи мажлис, 15 та пленар йиғилиш ҳамда 10 га яқин соҳавий шуъба мажлислари ўтказилди. Бу тадбирларда ислом цивилизацияси тарихи, ҳадис илми, калом, қўлёзмашунослик, музейшунослик, археология, маданий меросни муҳофаза қилиш, рақамлаштириш, маданий дипломатия ҳамда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар муҳокама қилинади.


Форум доирасида ICESCO билан ҳамкорликда тайёрланган “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” – “Уммат китоби” мавзусидаги халқаро конференция ҳамда тезислар тўплами, IRCICA билан ҳамкорликда нашр этилган “Шавкат Мирзиёев – маърифатпарвар йўлбошчи” китоб-альбоми, Россия мусулмонлари диний идораси билан ҳамкорликда чоп этилган Имом Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадия” асарининг рус тилидаги академик нашри ва бошқа фундаментал лойиҳалар тақдимотлари ўтказилди. Мамлакатимиздаги илмий-маърифий марказлар ва хориждаги етакчи илмий муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилди.
Форум доирасида Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказилган халқаро конференцияларда буюк алломаларимиз – Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизийнинг бой илмий мероси кенг тадқиқ этилди, уларнинг асарларини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича вазифалар белгиланди.


Айтиш мумкинки, мамлакатимизда илк бор ўтказилган форум Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган маърифатпарвар давлат сиёсати, аждодлар меросини асраб-авайлаш ва уни бутун инсоният манфаати йўлида тарғиб этишга қаратилган эзгу ташаббусларнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Ялпи мажлисда форум иштирокчиларининг Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаати ўқиб эшиттирилди.


Тадбир қатнашчилари Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис илми мактаби фаолияти билан танишиб, мазкур масканларнинг ислом цивилизацияси илмий меросини ўрганиш ва халқаро тадқиқотларни ривожлантиришдаги аҳамиятини юқори баҳолади. Имом Бухорий мажмуасидаги кўркам масжидда жума намози адо этилди.
Форум доирасида иштирокчилар Самарқанддаги бошқа тарихий-маданий ёдгорликлар, муқаддас қадамжоларни ҳам зиёрат қилди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири