Тилла тақинчоқлар ушланди
Мамлакатимизда иқтисодий хавфсизликни таъминлаш, ички бозорни ноқонуний товарлардан ҳимоя қилиш ҳамда қимматбаҳо металлар ва заргарлик буюмларининг яширин айланмасига қарши курашиш борасида божхона органлари томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, давлат чегараси орқали товар-моддий бойликларни қонун талабларига зид равишда олиб кириш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган тезкор тадбирлар ўз самарасини бермоқда.
Навбатдаги шундай ҳолат Бухоро вилоятида фош этилди.
Бухоро вилоят божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан амалга оширилган тезкор тадбир давомида юртимиз ҳудудига ноқонуний тарзда олиб кирилган қимматбаҳо заргарлик буюмларини ички бозорда сотишга бўлган уринишга чек қўйилди.
Маълум қилинишича, олдиндан олинган тезкор маълумотлар асосида Жондор тумани ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган “Cobalt” русумли автомашина тўхтатилиб, унда йўловчи сифатида ҳаракатланаётган фуқаро ҳамда унинг шахсий буюмлари холислар иштирокида белгиланган тартибда кўздан кечирилган.

Текширув жараёнида фуқаронинг қўл сумкасидан божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилмаган, Ўзбекистон ҳудудига ташмачилар орқали яширин равишда олиб кирилган умумий оғирлиги 467 грамм бўлган турли хил тилла тақинчоқлар аниқланди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу заргарлик буюмларининг бозор қиймати қарийб 756 миллион сўмни ташкил этади. Мазкур ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чоралар кўрилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, божхона чегарасидан ўтиш чоғида ҳар бир фуқаро ўзига тегишли товар ва қимматликларни белгиланган тартибда декларация қилиши шарт. Божсиз олиб кириш меъёридан ортиқ бўлган товарларни яшириш ёки уларни расмийлаштирмасдан мамлакат ҳудудига киритиш қонунбузарлик ҳисобланади ва жавобгарликка сабаб бўлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири