Тил, шубҳасиз – бебаҳо хазина
Маълумки, тилимизга ҳурмат, эътибор кўрсатиш бош қомусимизда аниқ қилиб белгилаб берилган.
Ўзбек тили ҳақидаги қонун қабул қилинганига 30 йил бўлди. Маълумки, тилимизга ҳурмат, эътибор кўрсатиш бош қомусимизда аниқ қилиб белгилаб берилган.
Афсуски, она тилимиз узоқ йиллар давомида фақат қоғоздагина давлатимизнинг миллий рамзи бўлиб келди. Ҳали ҳануз каттароқ ёшдаги ватандошларимиз 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақомини берилиши чинакам байрамга айланганини ўзгача бир завқ билан эслашади.
Сўнги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ислоҳотларда она тилимизга ҳурмат, уни ривожлантириш, давлат идораларида айнан она тилида иш юритиш билан боғлиқ жиддий масала кўпчиликни қувонтирди.
Ўзбек тилини ўрганиш, уни чуқур тадқиқ этиш борасида олиб борилаётган илмий ишлар, ёзилаётган дарслик ва ўқув қўлланмалари, луғатлар бунга ёрқин мисолдир.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бу борада олиб борилаётган самарали ишлар натижасида давлат ташкилотлари ҳам тўла давлат тилида иш юритишига эришилмоқда.
Хусусан, "Ўзстандарт" агентлигининг Маънавий-маърифий ишлар бўйича Бош директор маслаҳатчиси Азамат ПАРДАЕВ ташкилот фаолияти доирасида давлат тилида иш юритишнинг қонун-қоидаларига риоя этилиши борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида қуйидагиларни сўзлаб берди.
"Хабарингиз бор, Президентимиз томонидан 2019 йил 21 октябрда "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги Фармони эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида "Давлат тилини ривожлантириш департаменти" ташкил этилди ва унинг аниқ вазифалари белгилаб берилди.
Ушбу департаментнинг муҳим вазифаси, таъбир жоиз бўлса, энг муҳими, давлат органлари ва ташкилотлари, жумладан, маҳаллий ҳокимият органларининг давлат тилида иш юритиши, давлат идораларида давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилиши устидан назорат олиб боришини мониторинг қилишидир. Шунингдек, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида, жумладан, давлат бошқаруви, замонавий ва инновацион технологиялар, саноат, банк-молия тизими, ҳуқуқшунослик, дипломатия, ҳарбий иш, тиббиёт ва бошқа соҳаларда давлат тилининг имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланиш механизмларини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишни назорат қилиш мазкур департамент зиммасига юклатилди. "Давлат тили ҳақида"ги Қонуннинг 9-моддасига кўра давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилади ва заруриятга қараб бошқа тилларга таржима қилинади.
Шу билан бирга, ушбу қонуннинг 10-моддасига кўра, корхона, муассаса, ташкилот ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш давлат тилида, ишловчиларининг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда эса, давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.
Хусусан, "Ўзстандарт" агентлиги тизимида ҳам маънавий ва маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, халқимизнинг маданий, илмий-маърифий салоҳиятини ўзида акс эттирган давлат тилини ривожлантириш, унинг имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланиш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш йўлида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги "Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори асосида "Ўзстандарт" агентлиги томонидан тасдиқланган функционал вазифалар асосида иш фаолияти ташкил қилиниб, агентликнинг тегишли бошқармалари ва тизим ташкилотлари билан берилган топшириқлар ижросини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар иш режаси ишлаб чиқилган.
Режага кўра, агентлик ва унинг қуйи тизим ташкилотларида маънавий – маърифий соҳани, хусусан, давлат тилини ривожлантиришга оид ишларни самарали ташкил этиш учун махсус эксперт гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Агентликка қарашли барча ташқи ёзувлар, лавҳалар, эълонлар, реклама ва бошқа кўргазмали ахборот - реклама матнлари давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлиши таъминланган. Агентликнинг барча тизим ташкилотлари фаолият кўрсатаётган бинолардаги ташқи ёзувлар, лавҳалар, ахборот матнлари ва бошқа материалларнинг давлат тилида бўлиши таъминланган.
Шунингдек, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда давлат тилини ривожлантиришга оид қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш юзасидан "Стандартлаштириш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси давлат тилида ишлаб чиқилди.
"Ўзстандарт" агентлиги тизимидаги барча муассасалар, жумладан, "Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилинишини таъминлаш департаменти"да ҳам техник регламентлар, стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатлар, шунингдек, иш юритишда давлат тили қоидаларига тўлиқ амал қилиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, "Ўзстандарт" агентлиги эксперт гуруҳи "Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳузуридаги Аккредитация маркази" ДУК, “Штрихли кодлаш ва ахборот технологиялари маркази, "Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази" ДК («УзТест» ДК)ларида ҳам оммавий ахборот воситаларидаги барча фаолиятга доир тарғибот ишлари фақат давлат тили, яъни ўзбек тили қонун-қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда олиб борилиши белгилаб берилди.
Эксперт гуруҳи, агентлик ва тизим ташкилотларида давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш борасидаги ишларни танқидий ўрганиш бўйича асосий йўналишларни белгилаб олди.
Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, тизим ташкилотларида маънавий-маърифий ишларни сезиларли кучайтириш талаб этилади. Ҳудудий бўлинмалар томонидан давлат тилида иш юритишни ташкил этиш борасида камчиликлар мавжуд. Лабораторияларда ўтказиладиган синов баённомалари давлат тилида расмийлаштирилиши йўлга қўйилди.
"Ўзбекистон миллий метрология институти" Давлат корхонаси ва унинг бир қатор филиалларида мувофиқлик, қиёслаш ва метрологик аттестация сертификатлари тўлиқ давлат тилида расмийлаштирилиши таъминланди. Хусусан Самарқанд, Наманган, Фарғона, Қўқон филиалларида мавзу доирасида амалга оширилган ишларни талаб даражасида дейиш мумкин.
Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш бўйича жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишида иштирок этиш учун эксперт гуруҳи таркибига агентликнинг ходимлари, касаба уюшма ташкилоти вакиллари, фаол ёшлар киритилган бўлиб, гуруҳ фаолияти асосий йўналишлар доирасида ишлаб чиқилган саволнома асосида олиб борилмоқда.
Карантин даврида олиб борилаётган ишларни ўрганиш видеоконференция алоқа воситаси ёрдамида ташкил этилиб, вилоятларда фаолият кўрсатаётган агентликнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши масалалари доимий ўрганиб борилмоқда"

