Тил бор экан, миллат барҳаёт
Навоий шаҳридаги маънавият ва маърифат марказида Навоий давлат университетининг Тиллар ҳамда Санъат ва спорт факультетлари ҳамкорлигида 21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 37 йиллиги муносабати билан “Тил бор экан, миллат барҳаёт!” шиори остида маънавий-маърифий байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, ўзбек тили миллий ўзлигимиз, тарихий хотирамиз ва маънавий қадриятларимизнинг бебаҳо тимсоли. Она тилимизга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, унинг давлат ва жамият ҳаётидаги нуфузини мустаҳкамлаш бугунги Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим йўналишларидан биридир.

– Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш, таълим сифатини ошириш ва ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган, – дейди университет ректори Муҳиддин Калонов. – Ушбу жараёнларда давлат тилининг мавқеини мустаҳкамлаш, ўзбек тилининг замонавий фан, таълим, ахборот технологиялари ва давлат бошқарувидаги қўлланиш доирасини кенгайтириш алоҳида аҳамият касб этади. Давлат тилига эътибор, аввало, унинг амалий ҳаётдаги ўрни ва имкониятларини кенгайтириш билан намоён бўлади. Расмий ҳужжатларда, илмий тадқиқотларда, таълим жараёнида ва рақамли муҳитда ўзбек тилининг имкониятларидан самарали фойдаланиш тилимизнинг нуфузи ва ривожига хизмат қилади. Шу маънода, олий таълим муассасаларида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ёш авлодда миллий ўзликни англаш, она тилига масъулият билан муносабатда бўлиш ва маънавий меросга дахлдорлик туйғусини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.



Байрам дастурида она тилимизнинг гўзаллиги, жозибаси ва бойлигини тараннум этувчи шеърлар, куй-қўшиқлар ҳамда бадиий чиқишлар намойиш этилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири