Тил байрами кенг нишонланди
Фарғона вилоятида ҳам Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигига бағишланган байрам тадбирлари бўлиб ўтди.
Фарғона вилоятида ҳам Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигига бағишланган байрам тадбирлари бўлиб ўтди.
Халқнинг Ватани, давлати каби яна бир буюк, эҳтимолки, бирламчи бойлиги бор. Бу – унинг тили. Айнан тил одамлар гуруҳини бир миллат сифатида бириктиради, яъни халқни – халқ, миллатни – миллат қилади.
1989 йил 21 октябрь. “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Халқимизнинг муқаддас қадриятларидан бири бўлган она тилимиз ўзининг қонуний мақоми ва ҳимоясига эга бўлди. Она тилимиз миллий ўзлигимиздир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди. Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало, ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб бораётир.
Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллиги кенг нишонланмоқда. Байрамнинг асосий тадбирлари Фарғона шаҳрида ўзбек адабий тилининг асосчиси, буюк мутафаккир шоиримиз Алишер Навоийга ўрнатилган ҳайкал пойига гул қўйиш маросими билан бошланди. Унда вилоят ҳокимлиги, корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди.
Ислом Каримов номидаги Театр-концерт саройида бўлиб ўтган тадбирда бугунги кунда она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди. Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев барчани байрам билан табриклади.
Вилоят ҳокимлиги томонидан ташкилот ва корхоналар, таълим масканлари ўртасида “Ўзбек тилим – ифтихорим!” мавзусида 7 та йўналишда иншолар танлови ўтказилди. Байрам тадбирида 26 нафар танловнинг ғолиб ва совриндорлари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Она тилимизни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлар янгради.
Фарғона давлат университетида “Филологиянинг долзарб муаммолари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Анжуманда ёшлар қалбида она тилимизга муҳаббат, миллий ва жаҳон адабиётини теран нигоҳ билан ўқишга қизиқиш уйғотиш, китобхонлик маданиятини ошириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
– Ҳар қайси халқ ёки миллатнинг маънавиятини унинг тарихи, ўзига хос урф-одат ва анъаналари, тили, маданияти ва қадриятларидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди, – дейди Фарғона давлат университети профессори, филология фанлари доктори Ҳабибулло Жўраев. – Улуғ мутафаккир шоиримиз ҳазрат Алишер Навоийнинг ўзбек халқи маънавий дунёси, тилининг шаклланиб ривож топишида хизматлари беқиёс бўлган. Унинг мўътабар номи, ижодий меросини доимо фахрланиб тилга оламиз. “Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз” деган пурмаъно сўзларининг мағзини англаймиз. Навоийнинг асарлари орқали она тилимизнинг беқиёс бойлиги, унинг буюклигини англадик, унга бўлган меҳр-муҳаббатимиз ошди.
Тил байрамига бағишланган адабий-маърифий кечалар барча шаҳар ва туманларда ҳам ўтказилди.





