Тиббиёт хабарлари
Пойтахтимизда санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ўқув-тренинг ўз ишини бошлади.
БМТнинг Лойиҳаларни хизмат кўрсатиш бошқармаси (UNOPS) кўмагида амалга оширилаётган мазкур лойиҳада Тошкент шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ҳамда унинг туман бўлимларининг малакали лаборатория мутахассислари иштирок этмоқда.
Бугунги кунда тиббий ва синов лабораториялари фаолиятини халқаро талабларга мослаштириш долзарб вазифалардан ҳисобланади. Ўқув машғулотларида мутахассисларга ISO/IEC 17025, ISO 15189, шунингдек, ILAC/APAC талаблари, халқаро аккредитация мезонлари ҳамда лабораторияларда замонавий сифат менежменти тизимини жорий этишнинг ҳуқуқий ва амалий асослари атрофлича тушунтирилмоқда.
“Ўзбекистон Республикасида санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш воситаси сифатида лаборатория амалиётлари/синов усулларини (ISO/IEC 17025 ва ISO 15189) ҳамда сифат менежменти тизими тартиб-тамойилларини жорий этиш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган мазкур тренингни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад соҳа мутахассисларининг халқаро стандартлар бўйича назарий билимлари ва амалий кўникмаларини бойитиш, лаборатория таҳлиллари сифати ҳамда натижаларининг ишончлилигини янада оширишдир.
***
Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган "сирли мижоз" тадбирларида айрим дори воситалари белгиланган нархдан 6 баробаргача қиммат сотилгани аниқланди.
Жумладан, “SHUNQORLAR” МЧЖга қарашли дорихонада “ПОЛИМИК® блистеры №10(1x10)” дори воситасининг сотиш учун рухсат этилган нархи 12 837,18 сўм бўлса-да, 5,5 баробар қимматга яъни, 70 000 сўмдан таклиф этилаётган.
“КОНВУЛЕКС® Капли для приема внутрь 300мг/мл” дори воситасининг сотиш учун рухсат этилган нархи 66 481 сўм бўлса-да, 6 баробар қимматга яъни, 395 000 сўмдан таклиф этилаётгани аниқланди.
***
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Пискент тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.А. 80 дона таркибида кучли таъсир қилувчи моддалари мавжуд бўлган воситани фуқаро И.А.га 24 млн. сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Шайхонтоҳур тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган А.А. фуқаро Б.Б.га 50 дона “Омнадрен-250” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини 800 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 276-6-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
***
Хоразмда фтизиопульмонология хизматини молиялаштиришнинг янги моделини амалиётга жорий этишга бағишланган ҳудудий семинар бўлиб ўтди.
Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳамда Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан GIZ BACKUP Health кўмагида ташкил этилган тадбирда молиялаштиришнинг янги моделига оид норматив-ҳуқуқий ва услубий асослар тақдим этилди.
Янги тартиб сметали молиялаштиришдан тиббий хизматларни стратегик харид қилиш тизимига босқичма-босқич ўтишни назарда тутади. Бунда даволанган ҳолат учун ҳақ тўлаш ва бошқа молиялаштириш механизмларидан фойдаланилади.
Муассаса бюджети, стационар тиббий ёрдам ҳажмлари, ахборот тизимларининг тайёрлиги, шунингдек, тиббий ва молиявий маълумотларни шакллантириш ҳамда верификация қилиш масалалари муҳокама қилинди.
***
Тошкент давлат тиббиёт университетининг “Госпитал педиатрия. Халқ табобати” кафедраси вакиллари Жиззах вилоятининг Дўстлик шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида бўлди. Техникумнинг “I-Махсус фанлар” кафедраси билан ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини қамраб олган махсус Иш режаси тузилиб, расман имзоланди.
Ҳамкорлик меморандуми доирасида олийгоҳ олимлари томонидан техникумнинг “Ҳамширалик иши” йўналиши ўқувчилари учун маҳорат дарслари ташкил этилди. Хусусан, “Туғма юрак нуқсонлари, этиологияси, патогенези, клиникаси ва даволашда ҳамширалик парвариши”, “Ўткир ревматик иситма, этиологияси, патогенези, клиникаси ва даволашда ҳамширалик парвариши” мавзуларида очиқ ва мастер-класс дарслар ўтилди.
Ушбу ҳамкорлик таълим сифатини ошириш, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ўртасидаги ўзаро интеграцияни янада кучайтириш ҳамда амалий кўникмаларни ривожлантиришга хизмат қилади.
*** Мамлакатимизда онкологик касалликларнинг олдини олиш, уларни эрта босқичларда аниқлаш ва даволаш сифатини янги босқичга кўтаришга қаратилган муҳим тиббий ташаббус — колоректаль саратонни эрта аниқлаш бўйича халқаро таълим дастури ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Онкологлар ассоциацияси, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда халқаро “Gustave Roussy International” Ўзбекистон тиббиёт маркази ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур лойиҳа юртимизда илк бор амалга оширилмоқда.
Халқаро таълим дастури доирасида АҚШ, Буюк Британия ва Ўзбекистоннинг етакчи мутахассислари иштирокида колоноскопия бўйича амалий маҳорат дарслари, илмий семинарлар ҳамда мураккаб клиник ҳолатлар муҳокамаси ўтказилмоқда. Унда хорижлик таниқли экспертлар ҳамда маҳаллий мутахассислар ўз тажрибалари билан ўртоқлашмоқда.
Маҳорат дарслари давомида иштирокчиларга замонавий колоноскопия техникаси, йўғон ичакни сифатли ва тўлиқ кўздан кечириш, полиплар ва эрта неопластик ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш, шубҳали ҳосилаларни баҳолаш ҳамда эндоскопик текширувлар сифатини ошириш бўйича муҳим билимлар берилмоқда. Шунингдек, мураккаб клиник ҳолатлар халқаро экспертлар билан биргаликда чуқур таҳлил қилиняпти.
Моҳигул Қосимова, ЎзА