Тиббиёт хабарлари
Соғлиқни сақлаш вазирининг 2025 йил 26 декабрдаги тегишли буйруғига мувофиқ, Жиззах вилояти Тошкент давлат тиббиёт университетига бириктирилган. Шу асосда университет ректори бошчилигидаги масъул ходимлардан иборат ишчи гуруҳ айни кунларда ҳудуддаги тиббиёт муассасалари фаолияти, моддий-техник база, кадрлар таъминоти, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва тизимдаги долзарб масалаларни атрофлича ўрганмоқда.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад — аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада ошириш, бирламчи тиббий-санитария муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, касалликларнинг олдини олиш бўйича профилактик ишларни кучайтириш, ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни аҳолига янада яқинлаштириш ҳамда тиббиёт ходимларининг касбий салоҳиятини юксалтиришдан иборат.
Ҳудуддаги мутахассислар билан ҳамкорликда клиник протоколларни амалиётга самарали жорий этиш, беморлар маршрутини такомиллаштириш, касалликларни эрта аниқлаш, профилактика ва даволаш жараёнлари самарадорлигини оширишга қаратилган амалий тадбирлар олиб борилмоқда.
Мазкур ташриф Тошкент давлат тиббиёт университети ҳамда Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш тизими ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, тиббий таълим, илм-фан ва амалиёт интеграциясини мустаҳкамлаш, энг муҳими эса ҳудуд аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада юксалтиришга хизмат қилади.
***
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги "Зарур амалиётлар маркази" ДМ мутахассислари Корея Республикасининг Сеул шаҳрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда Халқаро вакцина институти ҳамкорлигида ташкил этилган "2026 Introductory Course for Biologics Development and Manufacturing" халқаро ўқув дастурининг навбатдаги босқичида муваффақиятли иштирок этди.
Дастур доирасида биологик дори воситалари ва вакциналарни ишлаб чиқиш ҳамда ишлаб чиқаришнинг замонавий босқичлари, иммунология, вакцина платформалари, технологиялар трансфери, лойиҳа бошқаруви, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ва тартибга солиш соҳалари бўйича назарий ҳамда амалий билимлар эгалланди.
Мазкур халқаро ўқув дастурида орттирилган билим ва кўникмалар мамлакатимизда биологик дори воситалари ишлаб чиқаришни ривожлантириш, халқаро стандартларни кенг жорий этиш ҳамда фармацевтика тармоғи салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
***
Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида ўтаётган “ИННОПРОМ–2026” халқаро саноат кўргазмаси доирасида ташкил этилган “Made in Uzbekistan” миллий стенди юқори мартабали меҳмонлар эътиборида бўлди.
Кўргазма давомида Россия Федерацияси Ҳукумати раиси Михаил Мишустин, Россия Федерацияси Ҳукумати раисининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров ҳамда Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян Ўзбекистон миллий экспозицияси билан танишди.
Меҳмонларга мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, саноат тармоқларидаги замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, экспортбоп маҳсулотлар ҳамда инвестициявий салоҳият ҳақида маълумот берилди.
Миллий стендда фармацевтика соҳасининг етакчи корхоналари ҳам ўз маҳсулотлари ва инновацион ишланмаларини намойиш этмоқда. Кўргазма доирасида янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, экспорт имкониятларини кенгайтириш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган учрашувлар давом этмоқда.
***
Маҳаллий дори воситалари ишлаб чиқарувчилар билан очиқ мулоқотларни давом эттириш мақсадида ўтказилган навбатдаги онлайн учрашувда "BELPHARM" МЧЖ ХК вакиллари, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ҳамда Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги масъул мутахассислари иштирок этди.
Мулоқот давомида корхона томонидан ишлаб чиқилган 9 номдаги дори воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ масалалар батафсил муҳокама қилинди. Хусусан, рўйхатдан ўтказиш жараёнида тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар, экспертиза босқичлари ҳамда амалдаги меъёрий талаблар юзасидан тушунтиришлар берилди.
Бундай учрашувлар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, давлат хизматлари сифати ва шаффофлигини ошириш ҳамда сифатли, хавфсиз ва самарали дори воситаларининг бозорга чиқарилиш жараёнини жадаллаштиришга хизмат қилади.
***
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг ҳудудий филиаллари ўртасида навбатдаги мултидисиплинар консилиум йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда марказ ва унинг филиалларида фаолият юритаётган онкогинекологлар, кимётерапевтлар, радиологлар, патоморфологлар, шунингдек, хориждан махсус таклиф этилган профессор-патоморфолог офлайн ва онлайн форматларда иштирок этди.
Мазкур МДТ йиғилишининг асосий мақсади онкологик беморларни ташхислаш ва даволаш сифатини янада такомиллаштириш, мураккаб клиник ҳолатларни мултидисиплинар ёндашув асосида муҳокама қилиш, халқаро тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда беморлар учун энг мақбул даволаш тактикасини танлашдан иборат бўлди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА