Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Кунлар совиши билан мавсумий касалликлар авж ола бошлайди. Хусусан, грипп билан аксариятимиз оғриймиз ва бу кўп ҳолларда асоратли кечади. Касалликнинг олдини олиш учун эмлаш ишларининг вақтида ўтказилиши муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ «Меҳрибонлик» уйлари, қариялар ва ногиронлар, «Саховат» интернат уйлари, жисмоний ва руҳий ривожланишида нуқсони бор болалар, ихтисослаштирилган таълим муассасаларида яшаётган шахслар ва мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларини гриппга қарши эмлаш ишларини олиб бориш режалаштирилган.
Қайд этиш жоизки, Тошкент шаҳрида жойлашган мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари учун 92000 доза, пойтахтимиздаги ижтимоий муассасаларда яшаётган шахсларни эмлаш учун 4414 доза вакцина ажратилди.
***
Хабар берилганидек, пойтахтимизда “Европа иқтисодиёти кунлари- 2024” форуми ўтказилди. Форматига кўра ноёб ушбу модулли тадбир доирасида фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва Швейцариянинг “Roche Diagnostic” компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
***
Ижтимоий тармоқларда Фарғонада фуқаролар “хот-дог“дан заҳарланиб, шифохоналарни тўлдираётгани айтилаётган видео тарқалмоқда.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати билдирган расмий муносабатга кўра, қўмитанинг Фарғона вилояти бошқармаси Ўзбекистон тумани бўлимига 2024 йил 6 ноябрь куни соат 11:30 ларда туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли Юқумли касалликлар бўлимига 4 нафар беморнинг ошқозон-ичак фаолиятининг функциясини бузилиши ташхиси билан ётқизилгани юзасидан хабарнома берилган.
Ушбу хабарномага асосан Cанэпидқўмита ходимлари томонидан санитария-эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилган. Суриштирув давомида беморларнинг 2 нафари 2024 йил 5 ноябрь куни тушлик вақтида Ўзбекистон тумани “Яйпанбозорбош“ МФЙ, Ибн Сино кўчасида фаолият олиб бораётган фастфут маҳсулоти тайёрлаб сотиш шохобчасида “хот-дог“ истеъмол қилгани, яна 2 нафар бемор эса ушбу туманнинг “Оқтепа“ МФЙ, “Туркистон“ кўчасида фаолият олиб бораётган “OQTEPA MINI FOOD” номли фастфут маҳсулоти тайёрлаб, сотиш шохобчасида “хот-дог“ истеъмол қилгани маълум бўлди.
Беморлар шифохонада шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб, “Ошқозон-ичак фаолиятининг функцияси бузилиши” ташхиси билан бўлимга ётқизилган. Беморларнинг умумий ҳолати қониқарли.
Ушбу ҳолат Санэпидқўмита мутахассислари томонидан тўлиқ назоратга олинган. Ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.
***
Республикада фаолият юритаётган фармацевтика маҳсулотларини сертификатлаштириш органлари томонидан жорий йилнинг октябрь ойида 4084 та сериядаги 74 127 184 шартли ўрамдаги маҳсулотга 1032 та мувофиқлик сертификати расмийлаштирилди.
43 сериядаги 475 315 шартли ўрамдаги фармацевтика маҳсулоти лаборатория синовлари натижасида норматив ҳужжатлар талабларига номувофиқ деб топилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА