Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг Наркотикларни назорат қилиш қўмитаси томонидан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар муомаласи билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи лицензиатлар ҳамда лицензияловчи комиссиянинг 2024 йил 3 октябрдаги қарорига биноан бекор қилинган лицензиялар рўйхати, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни олиб кириш ва олиб чиқиш учун берилган сертификатлар ва транзит рухсатномалар тўғрисидаги ахборотлар янгиланди.
Ушбу маълумотлар билан Марказнинг расмий веб-саҳифасида танишиш мумкин.
***

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бувайда тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қонунга хилоф равишда дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган фуқаро М.Х. инсон руҳиятига кучли таъсир қилувчи 6 дона “Тропикамид” ва 14 дона “Прегабалин” номли дори воситаларини фуқаро А.А.га 2 млн. сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби Департаментнинг Урганч шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ж.М. фуқаро М.Х.га 468 та капсула кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 1,5 млн. сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Олтинсой туман бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда “Х.-Н.” хусусий корхонасига қарашли дорихона сотувчиси Х.М. харидорга кирим ҳужжатлари бўлмаган 250 дона “BENZONAL” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини 750 минг сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Шайхонтоҳур тумани бўлими, ДХХ ва ИИВ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ҳам “G.P.“ МЧЖга қарашли дорихона сотувчиси М.С. харидорга шифокор рецептисиз таркибида кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган 3 қути “BENZONAL” номли дори воситасини сотган вақтида ушланиб, ушбу дорихонадан 170 дона дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
***

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказида Фармакология қўмитаси раиси С.Абдуллаев бошчилигида қўмита Илмий ва эксперт кенгашининг 16-сонли мажлиси бўлиб ўтди.
Унда юртимизда рўйхатдан ўтказишга тавсия этилган 9 номдаги, рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини амал қилиш муддатини узайтиришга тавсия этилган 27 номдаги, норматив ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш учун тақдим этилган 39 номдаги хорижий ва маҳаллий, килиник тадқиқот ўтказиш учун тавсия этилган 1 номдаги маҳаллий дори воситаси масалалари муҳокама қилинди.
Кенгаш хулосасига мувофиқ, якуний ҳисоботлар Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг Экспертлар кенгашида кўриб чиқилади.
Давлат рўйхатидан ўтказилган, амал қилиш муддати узайтирилган ҳамда норматив ҳужжатларига ўзгартириш киритилган 498 номдаги дори воситаси ҳақидаги маълумотлар электрон базага жойланди.
Хорижий ва маҳаллий дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш учун Фармакопея қўмитасига тақдим этилган 95 номдаги дори воситаси ҳужжатлари экспертиза қилинди.
***

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда олинган фармацевтика маҳсулотлари Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази лабораториясида экспертизадан ўтказилди.
262 турдаги 4291 ўрам жумладан, 85 турдаги 1745 ўрам давлат рўйхатидан ўтган ва мувофиқлик сертификати мавжуд бўлган, 110 турдаги 2140 ўрам давлат рўйхатидан ўтмаган ва мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган, 65 турдаги 200 ўрам яроқлилик муддати тугаган, сифатсиз, 2 турдаги 206 ўрам (Вабэнзим-Э №200 таблетка, Зардекс 300 мг капсула) қалбакилаштирилган фармацевтика маҳсулотларига тиббиёт амалиётида қўллаш мумкинмаслиги бўйича хулоса берилди.
Кафолатланмаган мазкур дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
***

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори ўринбосари Нозим Бердиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли кўрсатмасига мувофиқ, жисмоний ва юридик шахслар билан жойларда сайёр қабуллар ўтказиб келмоқда. Ана шундай тадбирлардан навбатдагиси Самарқанд вилоятида бўлиб ўтди.
Унда муаммолари ҳал бўлмаганлиги сабаб такрор мурожаат йўллаган SEEM “Samarkand England Eco – Medical” (инфузион эритмалар, таблеткалар ва капсула шаклдаги дори воситалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган) қўшма корхонаси ҳамда “Optima Sobirjon” (нитрил ҳамда резина тиббий қўлқоплар ишлаб чиқарувчи) МЧЖ вакиллари билан учрашилди.
Мулоқотда корхона маҳсулотларини рўйхатдан ўтказишдаги муаммолар бўйича таклифлар ва мурожаатлар тингланиб, ишлаб чиқарувчиларга қонунда белгиланган тартибда ваколат доирасида амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнида технологик талабларга тўлиқ риоя қилиш, хомашё сифати ва маҳсулот хавфсизлигини таъминлаш ҳамда сотувга чиқарилишидан олдинги барча жараёнлар назоратга олиниши муҳимлиги тушунтирилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА