Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Пойтахтимизда БМТнинг Болалар жамғармаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан вазирлик матбуот хизмати ва ОАВ ходимлари учун семинар ташкил этилди.
Семинар гўдакларни 6 ойгача истисносиз кўкрак сути билан парваришлашни муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан ўтказилди. Соҳа вакилларининг бу борадаги билим ҳамда тушунчаларини бойитишга эътибор қаратилди.
Қайд этилганидек, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда оммавий тарғиботнинг аҳамияти катта.
Табдирни Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э.Боситхонова ҳамда ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Г.Ижумба кириш сўзи билан очди. Шундан сўнг соҳа вакилларининг мавзу юзасидан маърузалари тингланди.
***
Ибн Сино номли шаҳар 1-сонли клиник шифохонасида россиялик профессор иштирокида бариатрик хирургия бўйича мастер-класс бўлиб ўтди. Олий тоифали бариатрик хирург Калиниченко Анатолий томонидан икки кун давомида семизлик ва қандли диабет бўйича муаммолари бор беморларда операция ўтказилди.
Ушбу мастер-классларда 20 та хирург иштирок этиб, амалий билимлардан ташқари назарий билимларга ҳам эга бўлди.
***
Таиланднинг «Samitivej Chinatown Hospital« компанияси директори Сурангкана Течапейитун жаноблари бошчилигидаги делегация Болалар миллий тиббиёт марказига ташриф буюрди.
Ташриф давомида делегация аъзолари марказ илмий ва кадрлар салоҳияти, беморлар учун яратилган шароитлар ҳамда моддий техник базасини кўздан кечирди. Якунда эса, икки йирик марказ раҳбарлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида томонлар беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш масаласида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича фикр алмашди.
***
Шунингдек, Болалар миллий тиббиёт маркази директори Бахтиёржон Умаров Хитойнинг "BGI Group" компанияси вакиллари билан учрашди.
Учрашув давомида генетик текширувлар соҳасида кенг ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш, кадрлар салоҳиятини оширишда икки давлат тажрибасини ўрганиш ва яна бир қатор масалалар хусусида сўз юритилди.
***
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси Сергели туман бўлими билан хусусий тадбиркорлик фаолиятидаги шифохоналар ўртасида тузилган шартномалар асосида лаборатор текширув тадбирлари ўтказилмоқда.
Шифохонада ички касалликларни олдини олиш, марказий стерилизация ҳамда дезинфекция тадбирлари самарасини аниқлаш, муассасаларнинг санитария ҳолатини тартибга келтириш мақсадида бактериологик лаборатор таҳлиллар учун суртма намуналари олиниб, текширувлар ўтказилди.
***
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва Россиянинг "RAFARMA PHARMACEUTICALS" компанияси вакиллари ўртасидаги учрашувда компаниянинг Ўзбекистон ҳудудида саратонга қарши дори воситалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва тиббиёт муассасаларига уларни инновацион усуллар билан етказиб бериш бўйича таклиф ва режалар ўрганилди.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори томонидан хорижий компанияга агентлик фаолияти, Ўзбекистон Республикаси фармацевтика соҳасининг инвестициявий салоҳияти ва мутахассис-кадрлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
***
Эроннинг "BMA" ("Behboud Modiriat Arman Afzar Co") компанияси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда эса Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги тасарруфидаги Илмий-тадқиқот институтларининг фаолияти ва институтлар томонидан амалга оширилаётган илмий инновацион ва амалий ишлари тўғрисида маълумот берилди.
Бундан ташқари, ТошВЗИТИ ва Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан биопрепаратлар, доривор ўсимликлар асосида дори воситаларини ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик давом эттирилиб, илмий-тадқиқотлар олиб боришга келишиб олинди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА