Тиббиёт: малакали мутахассислар кўриги ва амалиёт уйғунлиги
Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади — юқори технологик тиббий ёрдамни нафақат пойтахтда, балки республикамизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам ташкил этиш ва халқимизни рози қилишдан иборат.
Бугунги кунда Миллий тиббиёт маркази мутахассислари томонидан ҳудудларда ўтказилаётган тиббий кўриклар ва илмий-амалий семинарлар бунинг яққол тасдиғидир.

Айни кунларда Миллий тиббиёт марказининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари Сирдарё вилоятида бўлиб, аҳоли учун чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этмоқда. Трансплантолог, кардиолог, онколог, травматолог, нейрохирург ва офтальмолог каби тор доирадаги мутахассислар иштирок этяпти. Бундай кўрикларнинг аҳамияти шундаки, вилоят аҳолиси пойтахтга келмасдан туриб, ўз ҳудудида энг мураккаб касалликлар бўйича малакали маслаҳат ва ташхис олиш имконига эга бўлади. Ҳар бир беморга индивидуал ёндашилган ҳолда, касалликларни эрта босқичда аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича зарур тавсиялар берилаётир.
Тиббиёт фақат даволашдан иборат эмас, у тинимсиз тажриба алмашишни талаб этади. Шу боис, марказ мутахассислари Сирдарёнинг Сайхунобод туманида маҳаллий шифокорлар учун маҳорат дарслари ва илмий маърузалар ташкил этди. Жумладан, кардиохирург Жонибек Юнусов ва эндоваскуляр жарроҳ Муҳаммад Расуловлар томонидан юрак ишемик касалликлари ҳамда ўткир коронар синдромни даволашнинг энг замонавий усуллари муҳокама қилинди. Аритмолог Давлат Хидировнинг юрак ритми бузилишлари диагностикасига бағишланган чиқиши эса вилоят шифокорлари учун соҳадаги янгиликларни ўзлаштиришда муҳим аҳамият касб этди.
Бу каби тадбирлар ҳудудий тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш орқали чекка ҳудудларда ҳам тиббий хизмат сифатини халқаро стандартларга яқинлаштиришга хизмат қилади. Мутахассисларнинг бевосита жойларга чиқиб фаолият юритиши соғлом жамият барпо этиш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлидаги энг самарали усуллардан бири бўлиб қолмоқда.
Миллий тиббиёт маркази томонидан ҳудудларда олиб борилаётган бу каби кенг кўламли ишлар — тиббий хизматни халққа яқинлаштириш ва соғлом келажакни барпо этиш йўлидаги қатъий қадамлардир.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА