Тиббий кўрик ва сайёр қабул — бир манзилда
Янгиер шаҳрида аҳоли учун бир вақтнинг ўзида кенг қамровли тиббий кўрик ва сайёр қабул ташкил этилди. 37-сонли оилавий поликлиникада ўтказилган тадбир давомида юзлаб фуқаролар малакали мутахассислар кўригидан ўтиб, замонавий диагностика хизматларидан фойдаланди ҳамда соҳа раҳбарларига ўз мурожаатларини бевосита етказиш имкониятига эга бўлди.
Тадбирнинг асосий афзаллиги шунда бўлдики, фуқаролар бир жойнинг ўзида тор ихтисосликдаги шифокорлар кўригидан ўтди, зарур диагностика текширувларини амалга оширди ва соҳа раҳбарлари билан юзма-юз мулоқот қилди. Бу эса вақт ва маблағни тежаш, тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда тизимнинг очиқлиги ва самарадорлигини оширишга хизмат қилди.
Тиббий кўрикда вилоятнинг тажрибали онколог, кардиолог, жарроҳ, эндокринолог, невропатолог, травматолог, дерматовенеролог, оториноларинголог ва бошқа тор ихтисосликдаги шифокорлари иштирок этиб, юзлаб фуқароларга малакали тиббий ёрдам кўрсатди. Шунингдек, замонавий мобил рентген мажмуаси, мобил офтальмология хизмати, ОИТСга қарши курашиш марказининг махсус мобил лабораторияси ҳамда ультратовуш диагностикаси хизматларидан фойдаланилгани тиббий кўрик самарадорлигини янада оширди.

Тадбир давомида жами 452 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Натижада 52 нафар фуқарода сурункали касалликлар, 108 нафар фуқарода эса сурункали ва ўткир хасталиклар аниқланди. Чуқурлаштирилган текширув ва махсус даволанишга муҳтож 10 нафар бемор ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига йўлланди.
Шунингдек, 26 нафар бемор ультратовуш, 75 нафар фуқаро рентгенография, 54 нафар бемор электрокардиография текширувларидан ўтказилди. ОИТСга қарши курашиш марказининг махсус мобил лабораторияси томонидан 32 нафар фуқародан таҳлил намуналари олинди. Даволанишга муҳтож 47 нафар бемор бепул дори-дармон воситалари билан таъминланди.

Тадбир доирасида Сирдарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Воҳид Худойқулов ҳамда Янгиер шаҳар ҳокими ўринбосари У. Абдуллаев иштирокида сайёр қабул ўтказилди. Қабул давомида фуқароларнинг тиббий хизмат сифати, дори-дармон таъминоти, даволаниш жараёни ва бошқа долзарб масалалар юзасидан мурожаатлари тингланди. Мурожаатларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди, қўшимча ўрганишни талаб қилган масалалар эса тегишли тартибда назоратга олинди.

Энг муҳими, мазкур тадбир аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизматларни яқинлаштириш, касалликларни эрта аниқлаш ва фуқаролар мурожаатларига тезкор ечим топиш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар самарасини яна бир бор намоён этди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири