"ТХИФ-2026": "яшил" энергетикага ўтиш жараёнлари халқаро муҳокамалар марказида
Бугун пойтахтимизда V Тошкент халқаро инвестиция форумининг сўнгги кун тадбирлари ўтказилади.
Форум доирасида қатор тадбирлар, кўргазмалар ва мулоқотлар бўлиб ўтмоқда. Шунингдек, “Энергетик трансформация: Марказий Осиёда қайта тикланувчи энергетика, атом энергетикаси ва водород истиқболлари” мавзусида панель сессия ташкил этилиши ҳам улардан биридир.
Мазкур тадбирда давлат идоралари, халқаро молия институтлари, энергетика соҳасида фаолият юритаётган йирик компаниялар, экспертлар ва хорижий инвесторлар билан бир қаторда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ вакиллари ҳам иштирок этди.
Сессия давомида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш, соҳага инвестицияларни жалб этиш ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, электр энергиясига бўлган талабнинг ўсиб бориши шароитида энергия хавфсизлигини таъминлаш, замонавий технологияларни жорий этиш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнларининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Азимжон Аҳмаджонов мамлакатда гидроэнергетика тармоғини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

– Гидроэнергетика қайта тикланувчи энергия манбалари орасида энг барқарор ва экологик тоза йўналишлардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда мавжуд гидроэнергетика қувватларини модернизация қилиш, янги гидроэлектр станцияларини барпо этиш ҳамда энергияни самарали сақлаш имконини берувчи гидроаккумуляция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, сессияда 2030 йилга қадар электр энергияси ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 40 фоизга етказиш, 12 ГВт қувватга эга қуёш ва шамол электр станциялари портфели, атом энергетикаси дастури ҳамда “яшил” водород лойиҳаларининг истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Биз ҳам “Ўзбекгидроэнерго” томонидан гидроэнергетика тармоғини ривожлантириш, янги гидроэлектр станциялари ва гидроаккумуляция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, соҳада илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида тақдимот қилдик. Форум доирасидаги бундай мулоқотлар энергетика соҳасида инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш, истиқболли лойиҳаларни илгари суриш ҳамда Ўзбекистонда барқарор ва экологик тоза энергетика тизимини ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли, – деди Азимжон Аҳмаджонов.
Тадбир иштирокчилари томонидан энергетика соҳасидаги трансформация жараёнларини жадаллаштириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва “яшил” энергетика лойиҳаларини амалга ошириш бўйича фикр ва таклифлар билдирилди.

Қайд этилганидек, бундай халқаро мулоқот майдонлари энергетика соҳасига инвестицияларни жалб қилиш, истиқболли ташаббусларни илгари суриш ҳамда мамлакатнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишида муҳим қадамдир.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА