“The National Interest”: Яқин Шарқда яна “Никсон тартиби”ми?
АҚШ ва Эрон томонидан имзоланган, Покистон ва Қатар воситачилигидаги меморандум Яқин Шарқда “Никсон доктринаси”ни эслатувчи янги хавфсизлик манзараси пайдо бўлишидан далолат, дейилган “The National Interest” нашри эълон қилган мақолада.
Муаллифлар минтақавий хавфсизлик тобора кўпроқ Американинг тўғридан-тўғри назоратига эмас, балки минтақавий кучлар мувофиқлашувига боғланиб қолаётганини таъкидлаган. Мазкур моделда Покистон ва Қатар воситачи сифатида муҳим ўрин эгаллайди. Бу икки давлат Саудия Арабистони, Туркия ва Миср билан бирга барқарорлаштириш жараёнида фаол иштирок этмоқда.
Шу билан бирга АҚШ “оффшор мувозанатлаштирувчи” ролини бажаряпти – асосий ҳакам эмас, балки тизим иштирокчиси сифатида минтақавий шерикларга таянади. Мутахассислар фикрича, айни услуб мазмунан 1969 йилги Никсон доктринасига яқин. Ўшанда ҳам Вашингтон барқарорлик учун муайян масъулиятни иттифоқчиларга топширган эди.
Янги тартиб аввалги тизимга қараганда кўп қутбли ва камроқ иерархик кўринади. Бинобарин, ҳали “Меморандум ҳозирги манзара учун барқарор асосга айланадими ёки муваққат сулҳ бўлиб қоладими?” деган саволга ҳам жавоб йўқ.
С.Раҳимов, ЎзА